Тошкентда миллий дўппилар кўргазмаси бўлиб ўтмоқда

Сарвар Ўрмонов/ЎзА/Gazeta.Uz
Сарвар Ўрмонов/ЎзА/Gazeta.Uz

Ўзбекистон Бадиий академияси Халқаро маданият карвон саройида “Дўппи тикдим, ипаклари тиллодан” деб номланган кўргазма очилди.

ЎзАнинг хабар беришича, дўппи тикиш санъати юртимизда миллий ҳунармандлик азалдан яхши ривожланганидан дарак беради. Ҳозирги кунда ҳам унинг ноёб мактаблари ҳунармандлар томонидан изчил давом эттирилмоқда. Кўргазмада пойтахтлик Фахриддин Абдужабборовнинг шахсий коллекциясидан ўрин олган элликдан зиёд қадимий миллий дўппилар намойиш этилмоқда.

FWEE1g13904159738438_b

– Аждодларимизнинг қалб қўри билан яралган меҳнат қуроллари, уй-рўзғор ва заргарлик буюмлари, миллий либосларни йиғиб келаман, – дейди Ф.Абдужабборов. – Улар орасида миллий дўппилар алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу кўргазмада вилоятлардаги дўппидўзлик мактабларининг қадимий намуналари биринчи марта ҳавола этилмоқда. Миллий қадриятлар, ҳудудий удумлар акс этган бу бош кийими нафақат чет эллик сайёҳларни, балки юртдошларимизни ҳам ҳеч қачон бефарқ қолдирмаган.

Дўппидўзлик Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонда кенг тарқалган. Бу бош кийими услуби, кўриниши жиҳатидан ўзига хос тайёрланади. Хусусан, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида думалоқ, қуббасимон кўринишдаги ёрқин рангли, Фарғона водийсида эса оқ ва қора иплар ёрдамида эркаклар, аёллар ва болалар учун дўппилар тикилган. Айни кунда ироқи дўппи, чуст дўппи, қўқон дўппи, марғилон дўппи, гилам дўппилар хорижда ҳам машҳур.

Сарвар Ўрмонов/ЎзА/Gazeta.Uz
Сарвар Ўрмонов/ЎзА/Gazeta.Uz

Уста-ҳунармандларнинг таъкидлашича, дўппилар кўриниши, нақш услуби, рамзлар уйғунлиги билан бир-биридан фарқланади. Дўппиларнинг тайёрланишида мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хос табиий шароит, атроф-муҳит, аҳоли турмуш тарзи, маҳаллий анаъналар ҳам акс этади.