Равшан Эрматов ЖЧ-2014 баҳсларида ҳакамлик қилади

    A2FB0CF9-960C-48A0-993E-ED0F0BE12E2E_mw1024_n_s

    Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов Бразилияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича ЖЧ-2014 баҳсларида ҳакамлик қилади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизматига таяниб, Kun.uz хабар тарқатди.

    Хабарда қайд этилишича, ФИФА 14 январь куни ЖЧ-2014 учрашувларини бошқариб борувчи ҳакамларнинг сўнгги рўйхатини тасдиқлаган. Унга кўра, Осиёдан таклиф этилган тўрт бригада орасида Равшан Эрматовнинг гуруҳи ҳам бор. Унга, ЖЧ-2014 ўйинларида қанотларда ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ёрдам беради.

    Kun.uz’нинг ёзишича, Равшан Эрматов ўз фаолиятида иккинчи марта футбол бўйича жаҳон чемпионати баҳсларида ҳакамлик қилади. Эрматов бунгача ўз бригадаси билан 2010 йили ЖАРда ташкил этилган жаҳон чемпионати баҳсларида ишлаган эди. Ўшанда ўзбекистонлик реферининг гуруҳидан қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ва ўзбекистонлик бошқа бир лайнсмен – Рафаэль Илёсов ўрин олган эди. Эрматов мусобақанинг очилиши ўйини, чорак финал ва ярим финал ўйинларини, жами бешта ўйинда ҳакамлик қилган.

    Кейинчалик, Эрматов ўз бригадаси билан Осиё Кубоги-2011 финал учрашувини, шунингдек, Лондонда бўлиб ўтган 2012 йилги Олимпиада футбол мусобақалари учрашувларини бошқариб борди.

    Равшан Эрматов бугунги кунда жаҳоннинг энг иқтидорли ва машҳур футбол ҳакамларидан бири ҳисобланади. У ФИФА байроғи остидаги энг нуфузли мусобақаларга мунтазам таклиф этилади. Эрматов 2008-2011 йиллар давомида, кетма-кет тўрт марта Осиёнинг энг яхши ҳаками деб топилган, Абдуҳамидулло Расулов эса 2011 ва 2012 йил якунларига кўра қитъанинг энг яхши қанот ҳаками деб топилган.

    Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси 2013 йилнинг 10 нафар энг яхши ҳакамини аниқлади. Унга кўра, англиялик судья Ҳовард Уэбб 102 балл тўплаб биринчи поғонани эгаллаган бўлса, ҳамюртимиз Равшан Эрматов саккизинчи ўринни эгаллади.