АҚШ Ўзбекистонни хавфли мамлакатлар рўйхатидан чиқарди

123974762-594x310

АҚШ Марказий Осиё мамлакатлари — Ўзбекистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни хавфли давлатлар рўйхатидан чиқарди. 12uz.com сайтининг ёзишича, ушбу мамлакатларда фаолият юритган АҚШ ҳарбийлари суткасига қўшимча 7.5, ойига 225 доллар хизмат ҳақи олишар эди.

Пентагон маълумотларига асосланиб сайтнинг ёзишича, Марказий Осиё мамлакатлари билан бир қаторда Шарқий Тимор, Ҳаити, Либерия, Оман, Руанда, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Кувайт, Саудия Арабистони, Сербия ва Черногорияни ҳам рўйхатдан чиқарган.

Пентагон матбуот котиби, полковник Стив Уорреннинг қайд этишича, ушбу рўйхатнинг қисқартирилиши 100 миллион доллар тежаб қолишга ёрдам беради.

“АҚШ мудофаа вазирлиги ҳозирги кунда 194189 нафар ҳарбий хизматчига хавфли ҳудудлардаги фаолияти учун қўшимча ҳақ тўлаб келмоқда. 2014 йилнинг 1 июнидан уларнинг сони тахминан 50 кишига камаяди. 2012 йилда ушбу хизмат учун Пентагон 500 миллион доллар миқдорида тўловни амалга оширган”, — деди Уоррен.

Сурия билан қўшни бўлгани учун Туркия, Иордания, Сурия, ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган Афғонистон, Ироқ, шунингдек, Ливан, Покистон ва Миср мамлакатлар рўйхатида қолган. Денгиз қароқчилари фаол бўлган Сомали, Гуантанома қамоқхонаси жойлашгани учун Куба, шу билан бирга, Исроил, Озарбойжон ҳамда Грециянинг Афина шаҳри мазкур рўйхатда қолган.

АҚШ қонунчилигига кўра, ҳарбийлар ҳаётига таҳдидлар даражаси юқори бўлган ҳудудлар махсус рўйхатга киритилиб, ушбу мамлакатларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларга қўшимча ҳақ тўланади.