Ўзбекистонда иккинчи миллий палов фестивали бўлиб ўтади

Uzbek-Plov

2014 йил апрель ойида Тошкентда иккинчи миллий палов фестивали бўлиб ўтади.

Фестивалда ҳар хил палов: анъанавий, Тошкент, Андижон, Фарғона, Самарқанд, чойхона, байрам ва тўй ошлари тақдим қилинади. Шу билан бирга, турли салатлар ҳам фестивалда намойиш этилади.

“Подробно” ахборот агентлигининг хабар беришича, биринчи миллий фестиваль 2013 йилнинг 18-19 апрель кунлари бўлиб ўтган эди. Ушбу фестиваль Тошкент аҳолиси ва меҳмонларида, шунингдек, ош тайёрлаш бўйича профессионал ошпазлар ҳамда ҳаваскорларда катта қизиқиш уйғотган. Фестивалда республиканинг барча минтақаларидан турли паловлар тақдим қилинган ҳамда ҳар бир киши тайёрланган паловни татиб кўриш имконига эга бўлган.

Ҳар бир ҳудуддан келган профессионал ошпазлар ўчоқда палов тайёрлашади. Фестиваль қатнашчилари профессионал шеф-ошпазлар томонидан мастер-классларда қатнашиб, ош тайёрлашнинг сирлари ҳамда янги рецептлари ҳақида билиб олишлари мумкин.

Фестиваль доирасида “Энг яхши ошпаз”, “Энг яхши мавзули дастурхон”, “Ёддан чиққан рецептлар”, “Миллий фазилат”, “Анъаналарда янгилик”, “Меҳмонлар эътирофи” ва бошқа йўналишларда ғолиблар аниқланади. Ғолибларга қимматбаҳо совғалар ва сертификатлар тақдим қилинади.