Солиқ бўйича ҳуқуқ ва имтиёзларингизни биласизми?

2013 йилда олинган даромадлар учун солиқ тўлаш муддати яқинлашар экан, кўплаб юртдошларимизда ушбу муҳим молиявий мажбурият ҳақида саволлар туғилиши табиий. Ана шундай саволларнинг айримларига жавоб топиш мақсадида ватандошимиз, солиқ бўйича мутахассис Камол Ғаниевга мурожаат қилдик. Қуйида у билан қилган суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

kamol-ganiev
Америка солиқ тизими бўйича мутахассис Камол Ғаниев

Vatandosh: Одамлар давлатга солиқ декларациясини бу йил қачон топширишлари керак?

Камол Ғаниев:  Солиқ учун зарур ҳужжатларни топшириш ҳар бир солиқ тўловчи ишхонасидан ёки бошқа даромад манбаларидан W-2 ёки 1099 каби солиқ формаларини олиши билан бошланади. Одатда, бу қоғозлар 2014 йилнинг 31 январигача келиши керак. Солиқ декларациясини топшириш учун энг охирги кун 2014 йил 14 апрелдир. Лекин айрим ҳолатларда солиқ тўловчи ушбу муддатни кечиктиришни сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Vatandosh: Солиқ декларациясини кимлар тўлдириши керак?

Камол Ғаниев:  Айрим истисно ҳолатлардан ташқари, солиққа тортиладиган даромадга эга ёки тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариб олишни истаган ҳар бир шахс солиқ декларациясини тўлдириши керак.

Vatandosh: Солиқ тўловчилар даромадга оид солиқ формаларини қаердан олади?

Камол Ғаниев: 2013 йил давомида солиқ тўловчини ишга ёллаган ташкилотлар, қонун бўйича, 2014 йилнинг 31 январигача ўз ишчиларига солиқ формаларини почта орқали юбориши лозим. Солиқ формаларингиз ўз вақтида сизга етиб келиши учун 2013 йил давомида сизга пул тўлаган барча иш берувчиларга боғланиб, уларда тўғри уй манзилингиз борлигига ишонч ҳосил қилинг.

Vatandosh: W-2 ва 1099 формалари ўртасида қандай фарқ бор?

Камол Ғаниев: W-2 бу иш берувчи томонидан юбориладиган ҳамда олдиндан солиғи ушлаб қолинган даромад учун бериладиган формадир. 1099-MISC эса мустақил шартнома асосида ишловчи ишчиларга юборилади. Одатда, бундай даромаддан иш берувчи солиқни олдиндан ушлаб қолмайди.

Vatandosh: Тўланган солиқнинг бир қисмини қайтиб олишда кимлар солиқчи қарамоғидаги шахслар сифатида ҳисобга олиниши мумкин?

Камол Ғаниев: Қисқа жавоб шуки, оилавий алоқаси, яшаш жойи, ёши ва олган моддий ёрдами ҳамда даромадига қараб, фарзанд ва бошқа айрим қариндошлар солиқчи қарамоғидаги шахслар деб топилиши мумкин.

Vatandosh:  Ишсизлик учун олинадиган ёрдам пули ҳам солиққа тортиладими?

Камол Ғаниев: Ҳа, бу турдаги даромаддан ҳам солиқ олинади.

Vatandosh:  Иш қидириш давомида сарфланган харажатларни солиқдан чиқариб ташласа бўладими?

Камол Ғаниев: Агар айрим шартларга жавоб берса, иш қидириш марказларига тўланган пуллар ҳамда иш топишга оид бошқа харажатларни солиққа тортиладиган даромаддан чиқариб ташлаш мумкин.

Vatandosh:  Таълим учун сарфланган харажатларни солиқдан қайтиб олиш мумкинми?

Камол Ғаниев: Тўлиқ ва сиртқи ўқийдиган талабалар ўзларининг ёки ота-оналарининг даромад даражасига қараб $2,500 гача бўлган суммани солиқдан қайтариб олишлари мумкин.

Vatandosh: Болалар боғчаси учун тўланган пулларни қайтиб олиш мумкинми?

Камол Ғаниев: Агар ишласангиз ва 13 ёшгача бўлган фарзандларингиз учун боғча ва бошқа шунга ўхшаш хизматлар учун пул тўлаган бўлсангиз, бу харажатларнинг 35 % гача бўлган қисмини қайтариб олишингиз мумкин.

Солиқ тўлаш ёки бошқа иқтисодий-молиявий масалалар бўйича қўшимча саволларингиз бўлса,  Камол Ғаниев уларга жавоб беришга тайёр эканини билдирди.  Сиз унга электрон почта (kamol@goodmanhelp.com) ёки телефон (347-977-4080) орқали боғланишингиз мумкин. Компания веб-сайти www.goodmanhelp.com манзилида жойлашган.