Женева II: халқаро конференция бошланмасдан тугадими?

347067_UN-Syria

Швейцарияда бўлиб ўтаётган Сурияда тинчликка эришиш бўйича “Женева-2” халқаро конференциясининг очилиш куни Сурия ташқи ишлар вазири Волид Муаллим нутқ сўзлаётганда, конференция модератори, БМТ Бош котиби Пан Ги Мун беш марта қўнғироқни чалишга мажбур бўлди. Сурия ташқи ишлар вазири ажратилган 10 дақиқадан чиқиб кетиб, ўз фикрини якунлашни истамагани боис у шундай иш тутишга мажбур бўлди:

Пан Ги Мун: — Илтимос, тезроқ тугатинг.

Ал-Муаллим: — Мен бу ерга 12 соат самолётда учиб келдим. Нутқимни тугатишимга яна бир неча дақиқа бор. Бу Сурия.

Пан Ги Мун: — Яна қанча вақтингиз қолди?

Ал-Муаллим: — Менимча, 5-10 дақиқа.

Пан Ги Мун: — Йўқ, йўқ. Мен сизга бошқа пайт гапириш учун имконият бераман.

Ал-Муаллим: — Йўқ, мен ўз нутқимни бўла олмайман. Мен давом эттиришим керак. Имкон қадар тезроқ тугатишга ҳаракат қиламан.

Пан Ги Мун: — Уни бир ёки икки дақиқа ичида тугата оласизми?

Ал-Муаллим: — Йўқ, ваъда бера олмайман. Мен нутқимни тугатишим керак… Сиз Нью-Йоркда яшайсиз, мен эса Сурияда. Мен ушбу форумда Суриянинг версиясини айтиш ҳуқуқига эгаман. Уч йиллик азоб-уқубатлардан сўнг бу менинг ҳаққим.

Пан Ги Мун: — Биз конструктив ва уйғун мулоқот олиб боришимиз керак.

Ал-Муаллим: — Бу конструктив, ваъда бераман, тугатишга рухсат беринг!

Пан Ги Мун: — 2-3 дақиқа ичида, илтимос. Мен Сизга бошқа шароит яратиб бераман.

Ал-Муаллим: — Сиз 25 дақиқа гапирдингиз, мен эса камида 30 дақиқа гапиришим керак.

Бир неча дақиқалардан сўнг Пан Ги Мун яна вазир сўзини бўлди. Ал-Муаллим эса битта гап қолганини айтди, бунга жавобан БМТ Бош котиби ундан “ваъдага вафо қилиш”ни сўради.

“Сурия ҳар доим ўз ваъдасида туради”, деб давом этди Ал-Муаллим.

Бу мулоқотнинг ўзиёқ шу кунларда Швейцарияда бўлиб ўтаётган Женева II халқаро конференциясининг нечоғли танг кайфиятда ўтаётганидан далолат беради. Конференцияни очар экан, Пан Ги Мун иштирокчилар “улкан муаммо” олдида турганини, аммо уларда “ҳаммасини бошқатдан бошлашга имконият борлигини” қайд этди.

40дан ортиқ мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, қолаверса, Сурия мухолифати вакиллари иштирок этаётган мазкур халқаро анжуманда Сурияда ўтиш даври учун сиёсий режани ифода этувчи ҳужжатни муҳокама қилиш кўзда тутилган. Аммо иккала тараф ҳам қарши бўлган асосий масалалар бўйича ҳали ҳам яхлит тўхтамга келингани йўқ.

Пан Ги Муннинг айтишича, Суриядаги можаро ҳалокат даражасига етиб борди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров музокаралар “осон бўлмаслигини ҳамда тез битмаслигини” айтиб, бу мулоқот жараёни конференция иштирокчилари зиммасига “тарихий масъулият” юклашини айтиб ўтди.

Россия ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари мазкур конференцияда қатнашиш учун Эронга юборилган таклифноманинг қайтариб олингани хато эканлигини айтиб, ушбу мамлакат тинчликни қарор топтириш бўйича музокараларга қўшилиши зарурлигини уқтирди.

АҚШ давлат котиби Жон Керри эса мухолифат вакиллари аввалига тинч намойишлар ўтказганлигини, аммо ҳукумат бунга қарши “доимий куч ишлат”ганини айтиб ўтди.

kerry-y-lavrov

“Биз ўзаро келишув остида тузилган ўтиш даври ҳукумати хусусидаги музокараларни ягона имконият сифатида кўряпмиз. Ва албатта, ўз халқига нисбатан шундай қаттиқ муносабатда бўлган одамнинг мамлакатни қонуний бошқариши мумкин эмас”, — деди у, жумладан.

Сурия ташқи ишлар вазири Муаллим эса Сурия мустақил давлат эканлигини қайд этиб, ўзини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришини маълум қилди.

Умуман, конференция қатнашчилари мазкур музокаралар ижобий тугашига умид билан қарашмаяпти. Уларнинг аксарияти фикрича, томонларнинг бир тўхтамга келиши учун  “вақт ва сабр” керак бўлади.

Сешанба куни Эрон президенти  Ҳасан Руҳоний БМТ АҚШ ва мухолифат вакиллари босими остида Эронга юборилган таклифноманинг қайтариб олингани ҳақида фикр билдириб, конференцияда минтақада катта таъсирга эга мамлакатларнинг бўлмаслиги “терроризмга қарши курашиш ва Сурия инқирозини ҳал қилишни шубҳа остида қолдиради”, деди.

Эрон оммавий ахборот воситалари эса “Женева-2 доирасидаги учрашувлар бошланмасдан поёнига етди”, деб ёзишмоқда.

Умуман, Женева-2 халқаро форуми аниқ бир натижа билан тугамаса-да, уни олқишлаш керак. Негаки, қарийб уч йилдан бери давом этаётган фуқаролар уруши (бугун ушбу можарони бемалол фуқаролар уруши деб аташ мумкин) 100 минг нафарнинг инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. Шу пайтга қадар барча тарафларни музокара ва муроса столига йиғиш имконсиз бўлиб қолаётган эди.

Албатта, Ғарб Башар Ассад ҳукуматини кетишга ундаши тайин, аммо бу амалга ошириб бўлмайдиган ишлардан бўлиб, музокараларнинг чиппакка чиқишига олиб келади. Ғарб сиёсий режада имкон қадар мухолифат вакилларининг Сурия сиёсий ҳаётида иштирок этиши учун шарт-шароит ва кафолатлар ҳақида бош қотириши ўта муҳимдир. Чунки Ироқ, Ливия ва бошқа араб мамлакатларидаги вазият Суриядаги вазиятни кескинлаштирмасликни талаб қилади.

Сурия мухолифатининг ўз мақсадига эришиши жуда мушкул масала. Чунки тарқоқлик, қолаверса, террорчилик гуруҳлари таҳдиди ҳам халқаро ҳамжамиятнинг кескин чоралар кўришига тўсқинлик қилади.

Халқаро конференцияда Башар Ассад ҳукуматининг ағдарилишини истаётган бир қатор араб мамлакатлари вакиллари ҳам қатнашмоқда. Умуман, конференциядаги муҳит ҳамма учун кутилган тинчлик сулҳига йўл очмаслиги тайин. Аммо ушбу конференция доирасида гуманитар масалаларни ҳал қилиш, томонлар ўзаро музокара столига ўтириши мумкин. Ҳозирча шуни конференция ютуғи сифатида кўриш мумкин.