“Билайн” Ўзбекистонда Apple маҳсулотларининг расмий савдосини амалга оширади

apple

«Билайн-Ўзбекистон» алоқа оператори Ўзбекистонда Apple компанияси маҳсулотлари савдосини йўлга қўяди.

Kun сайтида ёзилишича, Apple маҳсулотлари савдоси расман 14 февраль куни бошланади. Шу куни куннинг иккинчи ярмида компания бош офисида савдолар бошланишига бағишланган тантанали маросим ва тақдимот ўтказилади.

Алоқа оператори Apple билан ҳамкорлик доирасида дастлаб iPad’лар савдосини йўлга қўяди. Маълум бўлишича, «Билайн-Ўзбекистон» дастлаб iPad Air ва iPad mini 2 планшетлари савдосини йўлга қўяди.

Apple билан ҳамкорлик доирасида кейинчалик бошқа маҳсулотлар, жумладан, iPhone смартфонлари савдоси ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Apple расмий сайтидаги дўконлар «Билайн» савдо нуқталари ҳам ўрин олган ва унда iPad планшетлари сотилиши ҳақида маълумот берилган.

Apple компанияси iPhone смартфонлари, iPad планшетлари ва iPod плеерларини ишлаб чиқаради. Компания жаҳоннинг кўплаб мамлакталарида ўзининг Apple Store дўконлар тармоғига эга бўлиб, компания фаолияти ҳозиргача Ўзбекистонда расман йўлга қўйилмаган.