Денис Истомин Open Sud de France турнирининг жуфтлик баҳсларида ғалаба қозонди

cbc4ea2e9682db80f2705b875d46356a

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткачиси Денис Истомин Франциянинг Монпелье шаҳрида ўтган “Open Sud de France – 2014” халқаро турнирининг жуфтлик баҳсларида россиялик Николай Давиденко билан биргаликда бош совринни қўлга киритди.

ЎзАнинг хабар беришича, Денис Истомин ва Николай Давиденко жуфтлиги саралаш учрашувларида польшалик Михал Пшисежни ва қозоғистонлик Александр Недовесов, британиялик ака-ука Нил ва Кен Скупски, австралиялик Жунайд Рамиз ва покистонлик Айсам Куреший жуфтликларини мағлубиятга учратиб, финалга чиқди.

Бош соврин учун ўтказилган ҳал қилувчи мусобақа бир соатдан кўпроқ давом этди. Кескин ва муросасиз баҳсда Денис Истомин ҳамда Николай Давиденко жуфтлиги франциялик теннисчилар Николас Маю ва Марк Жикел устидан 6:4, 1:6, 10:7 ҳисобида ғалабага эришди.

Бу Денис Истоминнинг Профессионал теннисчилар уюшмаси – АТР таснифидаги мусобақаларда қўлга киритган иккинчи совринидир. Ҳамюртимиз ўтган йили “Кремль кубоги – 2013” мусобақасининг жуфтлик баҳсларида ҳам ғолиб чиққанди.