Ўзбекистонда тадбиркорлар мурожаати мансабдор шахслар қарорини тўхтатиб туришга асос бўлади

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Тадбиркорлик субъектларини суд орқали ҳимоя қилиш янада мустаҳкамланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Унга кўра,

    “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш киритилмоқда.

    Депутат Абдуқодир Тошқуловнинг ёзишича, ушбу ҳужжат асосида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш билан боғлиқ муносабатлар янада тартибга солиниб, либераллаштирилади.

    Янги қоидага кўра, тадбиркор назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва қарорларидан, шу жумладан, текширув натижаларидан норози бўлса ҳамда бу ҳақда судга шикоят берса, бундай ҳаракатлар ва қарорларнинг ижроси тўхтатиб турилади. Эътиборли жиҳати, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки қарорлари қонуний ёки ноқонуний бўлишидан қатъи назар ушбу тартиб жорий қилинади.

    Депутатнинг фикрича, бадбиркорликни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишнинг ушбу янги механизми, энг аввало, тадбиркорларнинг четдан ортиқча ва ўринсиз аралашувларсиз фаолият юритишини таъминлайди.

    Мазкур қонун ҳозирда иккинчи ўқишда қабул қилинган бўлиб, Қонунчилик палатаси учинчи ўқишда қабул қилгач, Сенат томонидан маъқулланиши ҳамда Президент томонидан имзоланиши керак.