Ўзбекистонда “қора бозор”да доллар нархи ошмоқда

МДҲнинг айрим мамлакатларида  доллар ва евронинг миллий валюталарга нисбатан қиймати ошишда давом этмоқда.

Хусусан, 19 февраль,  чоршанба куни 1 евро Москва биржаларида 49.4 рублга етиб, рекорд натижани қайд этди. Бир доллар эса 35.2 рублга баҳонланди.

Қозоғистонда тенгенинг 20 фоизга девальвация қилингани ҳам вазиятга ижобий таъсир кўрсатгани йўқ. Ўшанда мамлакат Миллий банкининг янги айирбошлаш курси бир доллар учун 185 тенге атрофида бўлиши кўзда тутилганди. 19 февраль куни бир доллар 184.5 тенгедан ошгани бу мўлжалга етиб келинганидан далолатдир.

Сўнгги йилларда Миллий банк расмий курсни бир доллар учун 145-155 танга атрофида ушлаб турганди. Боз устига, Қозоғистон Миллий банки кун-кунора чиқиб турган миш-мишларга радия беришга мажбур бўлмоқда. Хусусан, банк раҳбари Кайрат Келимбетовнинг айтишича, охирги кунларда валютага талаб жуда катта бўлган ва яқин кунларда шундай  бўлади.

Қирғизистонда ҳам хорижий валюталарнинг сомга нисбатан қиймати ошишда давом этмоқда. Маслалан, 17 февраль куни 1 АҚШ доллари 50 сом миқдорида баҳоланган бўлса, шу кунларда бу 52-53 сом миқдорида харид қилинмоқда. Расмий курс эса 51.65 сом миқдорида турибди.

Ўзбекистонда ҳам ушбу ҳолат кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2014 йил 18 февралдаги хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматларида бу унчалик ҳам яққол сезилмайди. Унга кўра, 1 АҚШ доллари 2 минг 222 сўм 73 тийинга тенг қилиб белгиланган. 11 февралдаги курс (2 минг 215 сўм 99 тийин) билан таққослаганда, 1 АҚШ доллари 6 сўм 74 тийинга, 2014 йил 1 январдаги ҳолат (2 минг 202 сўм 20 тийин) билан таққослаганда, 20 сўм 53 тийинга қимматлаган.

Аммо шундай бўлса-да, мамлакатдаги “қора бозор”ларда долларнинг нархи кескин кўтарилган. Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган хабарларга кўра, 1 АҚШ долларининг норасмий курси 2980 сўмга ошган. Сўнгги пайтларда “қора бозор”да доллар 2850-2890 сўм атрофида баҳоланаётган эди. Ўзбекистонда норасмий валюта оқими қўшни ва яқин қўшнилар билан боғлиқлигини ҳисобга оладиган бўлса, бу табиий ҳолатдир. Гарчи ҳукумат бу спекулятив ўсишларга таъсир кўрсата олмаса-да, “қора бозор”даги ўзгаришлар аҳолига бевосита таъсир қилади, яъни импорт қилинадиган истеъмол моллари нархи ошиши турган гап.

Умуман, айрим экспертларнинг фикрича, Россиядаги валюта қийматининг ошиши турли чайқовчилик ҳамда мамлакат иқтисодиётидаги ҳолат билан боғлиқ.

Яна бир қатор қарашларга кўра, сўнгги бир неча ойдан бери ривожланаётган мамлакатларнинг миллий валюталари доллар, евро ва фунтга нисбатан арзонлашмоқда. Бу, кўп жиҳатдан, ўз маблағларини ривожланган мамлакатларга киритишни маъқул кўраётган инвесторларнинг ривожланаётган мамлакатларга ишончсизлик билан қараётганига боғлиқ.