АҚШда банклар марихуана дўконларига хизмат кўрсатиши мумкин

АҚШ молия ва адлия вазирликлари мамлакатнинг бир қатор штатларида қонуний равишда марихуана сотиш билан шуғулланаётган савдо дўконлари билан ишлаш тартибини эълон қилди. Бунгача банклар марихуана савдоси билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиб келаётган эди. Ваҳоланки, ушбу штатларда мазкур савдони амалга ошириш учун махсус қонунлар қабул қилинган эди.

Федерал идораларнинг мазкур қўлланмаси банк хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган марихуана савдогарлари учун айни муддао бўлди.

2014 йилнинг 1 январидан Колорадо штатидаги магазинларда марихуана савдосига рухсат берилди. Штатда 2012 йилдаёқ марихуанани шахсий мақсадларда етиштириш истеъмол қилиш рухсат берилган эди. Референдумдан сўнг марихуана штатда тўлиқ қонунийлаштирилди. Колорадо АҚШда марихуанани тўлиқ қонунийлаштирган илк штатдир.

Бугунги кунда АҚШнинг 20 штатида ва Колумбия округида марихуанадан тиббий мақсадларда фойдаланиш учун рухсат берилган.

Аммо шундай бўлса-да, федерал даражада банклар бундай савдо субъектлари билан ҳамкорлик қилишни исташмас эди. Чунки 1970 йилги қонунга кўра, марихуана героин, экстази сингари “биринчи рўйхат”га киради. Шу боис банклар бу федерал даражада ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан даромадни легаллаштириш йўли сифатида кўрилиши мумкинлигини ҳисобга олиб, бунга рўйхушлик бермасдан келишаётган эди.

Натижада марихуана сотувчилари ва ишлаб чиқарувчилар солиқни нақд пулда солиқ идорасига келган ҳолда тўлай бошлади. “Бундай ҳамждаги пулни кўтариб юриш жуда хавфли. Мен бундан қўрқаман. Бу пайтда йўлдаги ҳар бир автомобиль мен учун жуда ҳам шубҳали кўринади”, — дейди сотувчилардан бири.

Эндиликда банклар штатлар ҳукумати томонидан лицензияланган савдо нуқталари билан ҳамкорлик қилиши мумкин. Лекин агар банк транзакцияларида қандайдир шубҳага борса, бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги махсус бошқармага хабар бериши керак.

Ўз навбатида, Адлия вазирлиги прокуратура ходимлари учун махсус кўрсатма бериб, уларга марихуана қонунийлаштирилган штатларда саккизта тамойил асосида тергов олиб бориш тавсия қилинди. Вояга етмаганларга сотиш, картелларга қарши кураш ва марихуана тақиқланган штатларда уларни сотиш масаласига эътибор қаратиш шулар жумласидандир.

Молия вазирлиги банклар мана шу 8 йўналиш бўйича савдо амалиётини олиб бораётган тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиши мумкинлигини белгилаб берди. Ўша ҳолатда банклар жавобгарликка тортилмаслиги мумкин.

Америка банклар ассоциациясига кўра, бу тартиб амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Чунки марихуана ишлаб чиқариш ва реализация қилиш федерал қонунларда жиноят ҳисобланади. Бундай фаолиятга ёрдам берганлар ҳали ҳам суриштирув ва санкцияларга дуч келишади.

Колорадо банклар ассоциацияси бошлиғининг айтишича, бу банкларга “майли, ҳамкорлик қилинг, лекин таваккал сиздан”, дейиш билан баробар.