Ҳукумат қарори билан уй билан мукофотланган тўрт нафар эгизакнинг бири нобуд бўлди

    Ўзбекистонда шу йилнинг 1 январь куни таваллуд топган тўрт нафар эгизакнинг бири нобуд бўлган.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муассислигида чоп этиладиган “Правда востока” газетасининг ёзишича, туғилганидан бир ой ҳам ўтмасдан эгизакларидан бири оламдан ўтган.

    Газетанинг ёзишича, гўдак қандайдир хасталикдан эмас, балки тиббиёт муассасининг масъулиятсизлиги оқибатида ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

    Нашр мамлакатда тиббиёт соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилишига қарамасдан бундай ҳолатлар учраб турганини таассуф билан тилга олади. Республика ихтисослашган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг акушерлик ва гинекология Илмий-тадқиқот институти қошида ташкил этилган.

    Газета ушбу марказни ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун зарур маблағлар ажратилганини, бино капитал таъмирлангани, бу ишлар учун барча ресурслар жалб қилинганини айтиб, марказ энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланганини қайд этади.

    Аммо марказ раҳбарияти Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2011 йилдаги буйруғи талабларини бажармаган. Яъни ушбу буйруққа кўра, марказда янги туғилганлар патология бўлими ишга туширилиши керак бўлган. Газетанинг уқтиришича, айнан ушбу бўлим бугунги кунда жуда муҳим вазифани бажаради.

    Патология бўлимининг йўқлиги боис Мухлиса Ибрагимова тўрт нафар гўдакларидан биридан ажралиб қолди. “Узоқ кутилган фарзандлари туғилса-да, қолаверса, болалар туғилганидан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Тошкент шаҳрида уч хонали квартира билан тақдирланганига қарамасдан у бугун хурсанд бўла олмайди”, деб ёзади газета.

    Газета бу воқеа Соғлом бола йилида юз бергани таассуфли эканлигини алоҳида уқтиради.