Ўзбекистонни Тожикистон билан адаштириб юборган россиялик шарҳловчи кечирим сўради

    uzb_07022014

    Россиялик спорт шарҳловчиси Дмитрий Губерниев Ўзбекистон халқидан расман узр сўради. Бу ҳақда шарҳловчининг расмий сайтида ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилинган.

    “Сочидаги Олимпия ўйинлари очилишини шарҳлаш вақтида хатолик учун узр сўрайман. Бундан кейин эътиборлироқ бўлишга ҳаракат қиламан”, – деди Дмитрий Губерниев.

    Губерниев ўз мурожаатида Ўзбекистон спортчиларининг Сочи Олимпиадасида муваффақиятли иштирок этишига тилак билдирган.

    Kun.uz’нинг ёзишича, Сочи-2014 Қишки Олимпиада ўйинлари очилиши Россиянинг “Россия 1” телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилаётган вақтда шарҳловчи Дмитрий Губерниев Ўзбекистон терма жамоасини: “Тожикистон терма жамоасини олқишлаймиз”, – деб таништирган.

    Губерниевнинг расмий сайти
    Губерниевнинг расмий сайти

    Ушбу ҳолат “Россия 1” телеканалининг ўзбекистонлик телетомошабинларининг кескин норозилигига сабаб бўлди. Интернет фойдаланувчилари Губерниевга мурожаат қилиб, узр сўрашини талаб қилишди, Фейсбукда Губерниевга қарши флешмоб саҳифаси, твиттерда эса тролл-суратлар оммалашиб кетди.

    Сочи-2014 Олимпиадасида Ўзбекистон шарафини уч нафар спортчи ҳимоя қилади. Миша Ге муз устида нафис учиш бўйича мусобақаларга киришса, Ксения Григорьева ва Артём Воронов тоғ чанғисида ғолиблик учун курашади.