Хотин-қизлар қўмитаси 160га яқин вояга етмаганлар никоҳ тўйини тўхтатиб қолди

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва унинг жойлардаги тузилмалари аралашуви билан никоҳ ёшига етмаган қизларни турмушга узатиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, 160 га яқин тўй тўхтатилди. Бу ҳақда қўмита раиси ўринбосари Гулнора Маъруфова ЎзА мухбири билан суҳбатида маълум қилган.

Унинг айтишича, ўтган йили “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига “Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” деб номланган янги модда киритилгани айни пайтда вояга етмаганлар, айниқса, ёш қизларнинг эрта турмуш қуришининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Шу билан бирга, ҳали жисмоний жиҳатдан тўла шаклланмаган ёшлардан ногирон болалар туғилишининг олдини олишга ҳуқуқий замин яратилди”, дейди у.

Таълим муассасалари ва маҳаллаларда ота-оналар, ёшлар иштирокида ўтказилаётган учрашувларда қонун ҳужжатлари моҳияти, эрта турмушнинг олдини олиш борасида тушунтириш-тарғибот ишлари билан бир қаторда зарур амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

“Мисол учун, ўтган йили қўмитамиз ва унинг жойлардаги тузилмалари томонидан никоҳ ёшига етмаган қизларни турмушга узатиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, 160 га яқин тўй тўхтатилди. Ота-оналар билан олиб борилган суҳбатлар, ҳали вояга етмаган навниҳол қизларнинг эртанги тақдири билан боғлиқ масалалар очиқ-ойдин муҳокама этилиши туфайли улар фарзандларини ўқитиш, ҳаётга тайёрлаш зарурлигини тушуниб етмоқда”, — деб таъкидлайди қўмитаси раиси ўринбосари.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашитжон Қодиров 2013 йил июль ойида эълон қилган мақоласида тушунтириш ишларига қарамасдан, 2012-2013 ўқув йилида лицей ва коллежларда таълим олаётган 2114 нафар қизлар ота-оналари томонидан эрга бериб юборилган, оқибатда улардан 944 таси ўқув машғулотларига умуман қатнашмай қўйганини ёзади.