Муҳаммаджон ҚУРОНОВ: “Интернет содда ёшларни қопқонга тушириш, медиа фирибгарлик майдони ҳамдир”

shutterstock_28152823

Латифа: Афанди бир куни болаларни алдамоқчи бўлиб, “Ҳу-у анави муюлишда бир киши текин ёнғоқ бераётир”, депти. Болалар “гурр” этиб ўша ёққа чопиб кетишибди. Шунда, Афанди ўзига ўзи, “Наҳотки шундай бўлса”, деб уларга қўшилиб ўзи ҳам чопиб кетибди.

Нега шундай бўлди? Чунки болалардан ҳеч бири Афандига: “Ким экан бепул ёнғоқ тарқатаётган?”, “Ёнғоқларни қаердан олибди?”, “Сизга бу хабарни ким айтди?, “Нега ўзингиз бормаяпсиз?”, “Кимлар текин ёнғоқ олибди?”, деган саволларни бермаган.

Бу латифа бекорга тўқилмаган. Бу ахборот, миш-мишнинг қанчалар юқумлилигини кўрсатувчи қадимий ҳикмат. Бугун кўплаб ижтимоий тармоқлар ана шу ишни қилишмоқда. Буюртма асосида. Бугун айрим риёкор гуруҳлар алданган болалар сонини (1000-10 000 каррага) кўпайтириши мумкин. Бу хизматнинг номини медиа, флэшмоб ва бошқа сўзлар билан аташмоқда.

Дунё мамлакатлари мактаб, коллеж, институт ўқув дастурларига “ахборот хавфсизлиги”, “ҳаёт хавфсизлиги”, “йўл ҳаракати хавфсизлиги” “техника хавфсизлиги”, “саноат хавфсизлиги”, “ёнғин хавфсизлиги”, “озиқ-овқат хавфсизлиги” деган фанларни киритишган. Европа Иттифоқи мамлакатлари таълим муассасалари дастурларига “медиатаълим” деган махсус ўқув фанини киритишган. Нега?

Медиахавфсизлик

“Хавфсизлик бу – ёвузлик йўлининг тўсилишидир”, дейди Платон. Одам таҳдидлардан мутлақо холи яшаши мумкинми? Мумкин, бироқ бунинг учун у ҳеч ким билан учрашмаслиги, кўришмаслиги, эшик-туйнукларни маҳкамлаб, уйдан чиқмай ўтириши керак. Албатта, бундай шароитга ҳеч ким кўнмайди. Шу маънода, ҳар бир одам, унинг компьютери ҳам очиқ тизимлардир. Яъни реал одамлар ва виртуал олам билан фикр, ресурс алмашиб, форум, чатга кириб, мулоқотда яшайди. Демак, ҳар биримиз у ёки бу таҳдидга нишон бўлишимиз мумкин. Ёвуз ғоялар ҳамма вақт кўп бўлган. Лекин уларнинг кенг ёйилиши учун бир томондан, минглаб ташвиқотчиларнинг тинмай юриб, тушунтириш олиб бориши керак бўлган. Иккинчи томондан, эзгу ғоялар, яхшилик, халқларнинг миллий қадриятлари вайронкор ғояларга қарши турган. Шу сабабли вайронкор ғояларнинг ҳаммаси ҳам цивилизацияларга катта зарар етказа олмаган.

Медиа – телевидение, радио, кинематограф, оммавий нашрлар, компьютер ахборот тизимлари пайдо бўлди. Энди минглаб тарғиботчилар шарт бўлмай қолди. Ўз даври медиасидан унумли фойдаланган коммунизм, фашизм ғоялари миллионлаб ўз ва ўзга мамлакат фуқароларининг умрига зомин бўлишди.

Баъзан интернет, медиа дейилганда қовоғимиз солинади. Булар албатта ёмон-да, деймиз. Аслида ҳам шундайми? “Медиа” – лотинчада восита, ўртада турувчи, деган маъноларни беради. У маънавий (ахборот, билим) эҳтиёжларини қондириш воситаси. Пичоқ, олов, сув каби холис восита. Врачнинг қўлидаги пичоқ беморни соғ қилади. Жиноятчининг қўлидаги пичоқ эса соғни бемор қилади. Оловнинг йўғи одамни музлатса, кўпи куйдиради. Кўп сув ғарқ қилса, сувсизлик қақратади. Медиа ҳам шундай. Агар меъёрда, компетентли фойдаланилса, медиа донолар учун – билимлар манбаи. Нодонлар учун – балолар манбаи. Демак, гап медиада эмас, ундан фойдаланувчиларда, аниқроғи – ҳар бир йигит-қизнинг медиамаънавиятига боғлиқ бўлиб чиқаяпти.

Британиялик медиапедагог Д.Букингемнинг фикрида жон бор. У “ахборотлашган жамиятда” ёшлар албатта медиамаҳсулотларни пассив қабул қилишади ва албатта медиаматериалларнинг қурбонларига айланишади”, дейишади. Бироқ, медиапедагогика боланинг ўзини марказга қўяди. Боладаги медиабилим ва тажрибага таянади”, дейди.

Шундай экан, ёшларга медиа маҳсулотларни танлаш ва фойдаланишни ўргатиш бугунги куннинг асосий шартларидан бирига айланди. Бироқ, муаммо шундаки, ота-оналар, ҳатто баъзи ўқитувчилар ҳам ўз болаларига медиамаданиятни (катталарга салом бериш, чой қуйиб узатиш, сочни турмаклаш ва ҳ.к каби) ўргата олмайдилар. Бунинг устига ахборот технологияларининг шитоби шунчалар тезки, унга ёшларнинг ўзлари ҳам зўрға етиб олишаётир. Ушбу мақола ана шу муаммони ҳал қилишда педагогларимизга озгина бўлса-да ҳисса бўлиб қўшилса эди, деган умидда ёзилди.

Медиамаданият

Биз қачон, нимани, қанча, нимага қўшиб ейишни ўйлаб кўриб, ҳал қиламиз. Луқмани ўйлаб, текшириб, кўриб, ўлчаб истеъмол қиламиз. Бунга сабаб – бизда ота-оналар, мураббийлар шакллантирган овқатланиш маданияти борлиги. Медиа маҳсулотлар ҳам товар, маънавий маҳсулот, “овқат”. Маънавий озуқа ундан-да кўпроқ эътибор талаб қилади. Қарамай еб-ичиш ошқозонни бузади. Медиамаҳсулотни қандай бўлса, шундай “ютиш” эса ёшлар маънавиятида шу пайтгача шаклланган маънавий қадриятлар тизимини ларзага солади. Қадриятлар тизими бузилса, уни дори-дармон билан тузатиб бўлмайди.

Ёшлар – аҳолининг медиа маҳсулотларни энг кўп “еб-ичадиган” қисми. Демак, ҳар бир замонавий йигит-қиз медиа бозорнинг “ичи”ни билиб ўсишлари керак. Бу интеллектуал ахборот асрининг талаби, замонавийликнинг шарти. Шунинг учун ҳам ЮНЕСКО медиатаълимни XXI асрда маданий-таълимнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олган.

Медиа – маънавий маҳсулотларнинг виртуал бозори. Бу бозорда ҳеч ким “молим ёмон”, демайди. Бузғунчилар, жиноятчи, жоҳиллар ҳам ўз ғоя-маҳсулотини “энг яхши”, дейди. Бу бозорда бунёдкорлик, тараққиёт учун зарур манбалар ҳам кўп. Гап одамнинг ана шу виртуал бозор таклиф этаётган маҳсулотларни харид қилишда адашмаслигида. Бугунги тилда айтганда “медиамаданиятида”.

Йигит-қизларимиз медиаматнларни ўқиётган, томоша қилаётганларида уларни қабул қилиш, таҳлил қилиш, баҳолаш ва яратиш; замонавий жамиятда медиамаҳсулотларнинг ижтимоий-маънавий, мафкуравий, маданий контекстини тушунишлари керак. Бу эса одамнинг медиамаданияти қандайлигига боғлиқ. Украиналик педагог олима С.М.Стерденко медиамаданияти юқори кишини мана бундай тасвирлайди: “1) унинг медиабоғланишлари сони ва давомийлиги режалаштирилган бўлади; 2) ўзига керакли ахборотни тўғри танлай олади; 3) ахборотга танқидий ёндашади, чунки медианинг зарарли таъсирларини билади, қаршисида очилган медиматнни ўз фильтридан ўтказиб, кейин қабул қилади; 4) медиамаҳсулотдан фойдаланишда ахлоқ меъёрларига амал қилади; 5) медиамаҳсулот ярата олади.”

Медиамаданият — турли медиа асарларни таҳлил қилиш, баҳолаш, яратиш учун зарур бўладиган билим, кўникма ва малакалар йиғиндиси. Медиамаданиятли йигит-қизнинг ўз ҳимоя қобиғи, “зирҳи” бўлади. Улар медиа маҳсулотларни ўз “маънавий фильтри”(мафкуравий иммунитети) орқали кўра олишади, ўқиб, томоша қилишади. Медиаматнлардаги тарғибот-ташвиқотни, бир­ёқламаликни ва бунинг сабабларини, маълумот тарқатувчининг ниятларини кўриб туришади. Танқидий ва таҳлилий ёндашув белгиланади. Алданишлардан сақланади.

Медиабозорда

Мир Алишер Навоий бобомиз ахборотнинг шахс, жамият ҳаёти, тутган аҳамиятини юксак баҳолаб, бундан беш аср олдин “Агар огоҳсен сен, Шоҳсен сен”, деган бебаҳо сатрни бизлар учун ёзиб кетган. Бу – замон ва маконларга бўйсунмайдиган универсал медиақонуният эмасми?

Немис олимлари ушбу қонуниятга таяниб муҳим кашфиёт қилишди. “Муҳим маълумотга эга бўлиш – ҳокимиятга эга бўлиш; кераклисини кераксизидан ажратиш – янада кўпроқ ҳокимиятга эга бўлиш; керакли маълумотни ўз режиссурасига асосланиб тарқатиш ёки ушлаб туриш – икки карра ҳокимиятга эга бўлишни англатади. Одамларга ахборот орқали психологик таъсир кўрсатишнинг имкониятлари ана шундай”, дейилади Германиядаги асосий политология дарсликларидан бирида.

Медиабозорда тайёрловчи, ахборот (маҳсулот), етказиб берувчи ва истеъмолчи иштирок этади. Тайёрловчи бу – ғоя муаллифи, материалларни тўплайди, таҳлил қилади, медиаматнни тайёрлайди, узатади. Маҳсулот (ахборот) – матн, белги, сурат ва рамз­ларда ифодаланган маълумот; етказувчи (канал) — ахборотни узатиш воситаси (медиа); истеъмолчи – ахборотни олувчи, ўрганувчи, талқин қилувчи шахс.

Меҳнат бозори. Баъзи иш берувчилар ходимни кўпроқ ишлатиб, маошни камроқ бериш учун турли туман важларни келтиради. Тўй маслаҳатини қилаётган қудалар ҳам, музокара олиб бораётган дипломатлар ҳам ахборотдан фойдаланиб, рефлексив бошқарув технологиясини ишга солишади. Мақсад – ўзи, оиласи, мамлакати учун қулай шароитларга эга бўлиш. Кўриниб турганидек, ахборот манфаатларга эришишнинг асосий қуроли экан. Бу механизм кийим-кечак, деҳқон бозорларидаги сотувчи-харидор муносабатларини эслатади. Сотувчи нима қилиб бўлса ҳам кўпроқ мол сотсам, дейди. Уни “ўтказиш” учун турли усулларни қўллайди: камчиликларини яширади, афзалликларини оширади. Аслида бозорда яхши қовун танлаш учун ҳам билим керак. Худди шунингдек, ахборотлар уюмидан керакли, фойдалисини ажратиб олишни билмаган йигит-қиз ҳам ёлғон, айниган, “қовурилган” ахборотларга алданаверади.

Бугуннинг стратагемалари

Глобаллашган дунёда ёшлар манипуляторларга, бўйидан, энидан урувчи сотувчи, одам савдогарлари, диний экстремистлар, фирибгарлар билан бирга яшашларига тўғри келади. Бундай шароитда ҳар бир ёш йигит-қиз уларга нимани қарши қўйиши керак? Ўзини қандай ҳимоя қилиши керак? Бунинг учун улар фирибгарлар билан қандай гаплашишга, ҳаётда учрайдиган қалтис вазиятларда энг тўғри, мустақил қарор қабул қилишга тайёр бўлишлари керакми?

Ўзбек халқини “бағрикенг”, “камтарин”, “хушмуомала”, “меҳнаткаш”, “соддадил”, “меҳмондўст”, “саховатли”, “самимий” каби фазилатлар билан гапиришади. Эртакларимизда ҳам, алломаларимиз ўгитларида ҳам, маърифий кўрсатув ва эшиттиришларимизда, қўшиқларимизда ҳам ана шу фазилатлар тараннум этилади. Ёшларимизни шундай бўлишга даъват этиб келамиз. Самимийлик, оқкўнгиллик, соддадиллик, ишонувчанлик бизга ота-боболардан қолган фазилатлар. Бироқ, манипуляторларга, фирибгарларга айнан шундай одамлар керак эмасми?

Яна бир мисол. Миллий эстрадамиз қўшиқларимизнинг анчагинасида “алдади”, “алдама”, “ташлаб кетди”, деган нолишларни эшитамиз:

Алдади яна-яна алдади,

Куйдиму гўзал ёр ваъдасидан.

Алдади мани яна алдади,

Тўйдиму бевафо тавбасидан.

Ва ҳоказо… Бу нимадан далолат беради? Бугунги ҳаёт суръатининг мислсиз тезлашиб кетган замонда огоҳлик универсал аҳамият касб этади. Бу эса ўзбек характерини янги фазилатлар, энг аввало огоҳлик билан бойитишни талаб қилмоқда. Ўзининг асл ниятини яшириб, ҳийла билан муваффақиятларга эришиш доим бўлган. Бу ҳақда “36 стратагема ҳақида қисса” китобидан билиш мумкин. “Стратагема” рақибни қопқонга туширишнинг стратегик режаси, деган маънони англатади. Уни қўлловчилар ўзларини оқлаш учун “Ахир бу зийраклик, ижодкорлик, топқирлик-ку”, дейишади. Афсуски, интернет содда ёшларни қопқонга тушириш, медиа фирибгарлик майдони ҳамдир. Шундай экан, ҳар бир йигит-қиз бундан ҳимояланган бўлиши зарур.

Машҳур хитойлик донишманд саркарда, моҳир стратагемачи Сун Цзининг “Юзта жангда ғалаба қилиш эмас, балки душман армиясини жангсиз енгиш – санъатдир”, деган эди. Бу фикр бугунги мафкуравий курашлар учун айтилгандек туюлади. Чунки виртуал ҳудуддаги фирибгарликлар, алдовлар, қўрқитишлар, психологик ва рефлексив ўйинлар, сиёсий фитналар, мистификация, манипуляция, гиж-гижлашлар, тар­ғибот, психологик урушлар, одамни бошқариш, реклама кампаниялари, сиёсий ва тижорат рекламалари, дезинформация, буларнинг барчаси реал одамни сездирмай бош­қаришнинг усулларини ташкил қилади. Одамнинг ўзига билдирмай, ўзига зарарли қарор қабул қилдириш рефлексив бошқариш дейилади. Бунда алдамчи ҳаракатлардан, ниқоблардан, турли “воқеалар” яратишдан фойдаланилади. Натижада одам бировлар унинг учун олдиндан белгилаб қўйган натижага келади: товарни сотиб олади, бирор ташкилотга аъзо бўлади, айтилган ҳисоб рақамига пул ўтказади, одам савдогарига… паспортини топширади.

Манипуляция

Интернетга кирган ҳар бир киши ўзи учун тайёрлаб қўйилган “кун тартиби”ни кўради. Кимлардир, ўзлари топган асосларидан келиб чиқиб “юлдуз”лар ҳаёти, сиёсат, иқтисодиёт, технология янгиликларидан ахборот дастасини тутади. Ана шунда шахснинг медиасаводхонлиги қандай намоён бўлади? Медиаматнларни (муайян танқидий автономияда туриб) баҳолаш, талқин, таҳлил қилишида намоён бўлади. Бу жуда муҳим.

Нега? Чунки бир кишини бир сайт қаҳрамон деса, иккинчи сайт жиноятчи деб тавсифлайди. Бир воқеани бир сайт қонунбузарлик, деса, бошқаси демократия намо­йиши дейди. Ана шундай вазиятларда ҳар бир кишида ўзининг мустақил, танқидий фикри бўлмоғи керак.

Танқидий медиа фикрлаш бу – ҳар бир йигит қизнинг медиаматнлардаги манипуляция ҳолатларини топиш, таҳлил қилишга қаратилган билим, кўникма ва малакалар мажмуасидир. Медиаманипуляция эса – интернетдан фойдаланувчиларга у ёки бу ғояларни тиқиштириб, уларни ўз йўлларидан чалғитиш, адаштиришга қаратилган таъсир кўрсатиш медиаприём ва усуллар тизими. Бунда жўнатувчи медиадезинформациядан (ёлғон маълумот киритилган медиаматнлардан) фойдаланади.

Айрим сайтларда дин ниқобида диний экстремизм, терроризмга даъват қилувчи маълумотлар тарқатилади. Медиатерроризм мақсадли, режали ҳолда одамларда қўрқув, саросима, ваҳима туйғуларини уйғотувчи ресурсларни яратиб, кўпайтириб, тарқатиб, одамлар устидан манипуляция қилмоқда. Мақсад – одамларни диний экстремистик, террористик майллар асосида рефлексив бош­қариб, ўзларига керакли хулқ-атвор моделларини шакллантириш. Шунинг учун ҳар бир ёш аввало анъанавий, ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган, асрлар синовидан ўтган диний қадриятларни яхши билиб, танқидий фикрлаш орқали сохта талқинларни дарҳол “таниб”, фош қила олишлари зарур бўлади.

Мафкуравий полигонларда

Кейинги эллик йил коммуникатив таъсир моделларини ривожлантириб ўтди. Мафкуравий кураш оммавий тадбирлардан илмий-технологик асосга кўчди. Профессионаллашди. “Ўнта уй бекаси ёки бешта врачдан кўра битта журналистни қўлга киритган афзал”, деган қоида амалга кирди. Бугун ахборотни қабул қилувчи одамдан кўра уни бошқаларга етказадиган “фикр лидерлари”нинг мафкуравий қиммати ошган.

Бундай вазиятда вайронкор ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик учун нима қилиш керак? Турли хорижий сайтлардан тарқатилаётган медиматнларга қандай муносабатда бўлиш керак? Бу борада Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази тадқиқотлар олиб бормоқда. Хорижлик медиапедагоглар Гарт Жоветт ва Виктория Донеллар ҳам бизнинг тадқиқотларимиз кўрсаткичларига яқин натижаларни қўлга киритишган. Шу боис уларнинг хулосаларини ҳам эътироф этган ҳолда ҳар бир медиаматнни қуйидагича ғоявий таҳлил қилиш тавсия қилинади:

1. Тарғиботнинг мафкурасини аниқланг. Тарқатилаётган ҳар бир медиаматн асосида уни тарқатган шахс, гуруҳнинг қадриятлари, баҳолари, муносабатлари, меъёрий хулқ-атвори ётади. Бунда тарғибот аҳолининг қайси қатламини нишонга олганлиги (ёшларми, мулк­дорларми, ё нафақахўрларми) аниқланади. Тарғиботчи нимани яхши, тўғри ва нимани ёмон, нотўғри деб баҳолаётгани аниқланади.

2. Тарғибот контекстини таҳлил қи­линг. Медиаматн тарқатилган кун, ойдаги вазият талқин қилинади. Маълумот қай шакл­да, нималар, кимлар билан боғлаб берилмоқда? Ахборот тарқатувчи одамларнинг нима қилишини истамоқда?

3. Тарғиботчининг кимлигини аниқланг. Ўзини яширишга интилаётган маълумот муаллифи аслида ким? Бу ахборотнинг шундай қабул қилинишидан ким манфаатдор?

4. Ахборот тарқатаётган ташкилот, молиявий-сиёсий гуруҳнинг тузилишини аниқланг. Бу тарғиб қилаётган ташкилот, молиявий-сиёсий гуруҳни, унинг ички ва ташқи алоқалари қандайлигини аниқлаб беради. Бунда “Нима учун ахборот айнан мана шу канал, портал, ижтимоий тармоқ, сайтдан тарқатилаётир?” “Ким буни назорат қилаётир, молиялаштираётир?” “Мақсади нима? У “жамиятга фаол фикр тарқатувчилар”ни қайси тоифадан изламоқда?

5. Тарғибот кимларга қаратилганлигини аниқланг. Буни билиш жуда муҳим. Чунки ҳозирги кунда ахборотни кенг аҳоли қатламларига эмас, балки уларнинг орасидаги “фикр лидерлари”га тарқатиш афзал. Масалан, жамият элитасининг ўн фоизи қўлга киритилса, бутун мамлакатни қамраб олиш мумкин, деган қарашга амал қилинмоқда.

6. Қайси медиаусуллардан фойдаланилаётганини билинг. Буни аниқлаш учун сайтда берилаётган материалларни кузатинг. Кўзлар сўзларга маъно топиб беришади. Бир манбадан тарқатилаётган турли бир неча материал, рамзларни таҳлил қилиш тарқатувчининг мақсадини очиб беради.

7. Тарғибот усулларини таҳлил қилинг. Бузғунчи ғояларнинг “жўнатувчилари” аввало ёшларда шаклланган мустаҳкам мафкуравий эътиқодни ўзгартиришга интилишади. Буни уддалай олмагач, бузғунчи тарғибот уни қисман ўзгартиришга интилади. Бу билан ўқувчида ўзига ишонч уйғотишга, шахсий алоқа ўрнатиб, қалб ва онгига киришга ҳаракат қилади. Масалан, жиноятчиларни жабрдийда қилиб кўрсатади ва ҳ.к. Бунда турли машҳур “олим”ларнинг, “социологик марказлар”нинг “хулосалари”дан фойдаланилади. Ўқувчининг ҳис-туйғулари ишга солинади. Чунки ҳис-туйғуларга таянган ахборот тез ўзлаштирилиши ва хотирада узоқ сақланишини улар ҳам яхши билишади.

8. Бошқалар бу тарғиботга қандай фикр билдираётганига қаранг. Тарғиботга ўқувчилар берган “менга ёқди”, “менга ёқмади”, “мен қўшиламан”, “мен қўшилмайман”, “мен ишонаман”, “мен ишонмайман” деган жавоблар, форумлардаги фикрлар тўғри ёки нотўғри жавобларни кўрсатади. Сиз ёнингиздаги ёшларни нималардан огоҳлантиришингиз кераклиги маълум бўлади.

9. Қарши тарғибот қўлланиляптими? Бузғунчи тарғиботга нисбатан қандай фикр­лар билдирилаётганини ўрганинг. Миллий манфаатларимизга мос жавобларни қўллаб-қувватланг. Нотўғри жавобларга далиллар билан эътирозлар билдиринг.

10. Самарадорликни баҳоланг. Буз­ғунчи тарғиботнинг зарари қай даражада? Қандай усуллардан фойдаланмоқда? Бу саволларга жавоб топгач, ўқувчиларни ўз тенг­дошларини огоҳлантиришни уқтириш керак. Миллий манфаатларимиз жозибасини ва бузғунчи ғоя касофатини, кечаги ва бугунги кунларни қиёслаб, бузғунчи тарғибот таъсирини қирқувчи фактларни келтириб ёшларга кўрсатиш керак.

Бу “Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат” тамойилимизнинг интернетдаги ғалабасига хизмат қилади.

*Педагогика фанлари доктори Муҳаммаджон Қуроновнинг мазкур мақоласи “Китоб дунёси” газетасида чоп қилинган.