Ўзбекистонда севишганлар кунига ўрнига бирор кунни “меҳр-муҳаббат куни” деб белгилаш таклиф қилинди

Newburgh__Aberdeen_1731847a

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда 14 февраль куни “Авлиё Валентин куни” оммавий маданиятнинг салбий кўринишларидан бири сифатида жиддий танқид остига олиниб, ушбу куни турли мавзули тадбирларни ўтказишга тақиқлар қўйилиб келинади. Аммо маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ёшлар орасида барибир 14 февраль санасини “севишганлар куни” сифатида нишонлаш ҳолатлари оммалашмоқда.

Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси Бўстон Раҳмонованинг “Қашқадарё” газетасига берган интервьюсида айтилишича, бир неча йилдан буён ёшларга таълим-тарбия бериш жараёнида уларнинг ҳар бири ўзича севишини кузатган.

“Биз уларнинг муҳаббатини тўғри йўналтира олишимиз лозим. Шундай йўл тутишимиз керакки, ёшларимиз ҳақиқий севгини ўткинчи ҳавасдан, енгил-елпиликдан ажрата билишсин. Аждодларимизнинг севгисини шундай ҳаётий мисоллар орқали етказиб берайликки, уларда соф ва покиза муҳаббатга муҳаббат пайдо бўлсин. Шунда Валентин кунидек ёт маданиятга ўрин қолмайди”, — дейди ўқитувчи.

Халқ ўқитувчисининг фикрича, балки ёшларда ҳақиқатан ҳам севишганлар кунини нишонлашга, бу кун билан бир-бирларини қутлашга эҳтиёж бордир. Ҳар ҳолда 14 февралда коллежлар, олий ўқув юртлари дарсхоналари ҳувиллаб қолаётгани бундан далолат бермоқда.

“Унда бирор кунни меҳр-муҳаббат куни деб белгилаш керакдир балки. Чунки муҳаббат шундай кенг тушунчаки, у нафақат севишганларга, балки ота-оналарга, яқинларга, туғилиб-ўсган тупроққа – Ватанга ҳам дахлдор. Шунда барча-барча бир-бирини байрам билан қутлаши, ўзининг дил изҳорларини, юрагининг қат-қатида асраб юрган туйғуларини бошқаларга илиниши мумкин бўлади”, — деб қўшимча қилади Бўстон Раҳмонова.

Газетанинг қўшимча, қилишича, ҳақиқатан ҳам, бирор кунни ўзимизга, ўзлигимизга мос муҳаббат куни деб белгиласак, унда ёшларимизга севгининг, садоқатнинг, меҳр ва вафонинг қудрати ҳақида сўзлаб берсак, қанотли маъбудлар тасвирлари, валентинхонликлар ўрнини юракдаги ҳақиқий туйғулар, бобурхонликлар эгаллармиди, яқинининг ҳолидан йиллаб хабар олмайдиган баъзи кимсалар ҳам шу куни “мен сизни яхши кўраман”, деб уларнинг юрагида тугилиб ётган армонларини сал бўлса-да аритармиди?!

“Шу ўринда табиий савол туғилади: аслида ҳар кунимиз меҳр-муҳаббат куни бўлиши керак эмасми?! Тўғри, албатта. Аммо хотин-қизларимизни, устозларимизни ҳар куни ардоқласак-да, аёллар байрамини 8 мартда, Ўқитувчилар ва мураббийлар кунини 1 октябрда нишонлашимиз ўзига хос рамзий маънога эга. Ана шундай рамзийликка эга бўлган кунни меҳр-муҳаббат куни деб белгиласак фойдадан холи бўлмайди. Масалан, ерда чечак, юракларда эзгулик ниш урадиган, табиат яшарадиган баҳорнинг илк кунини, умр йўлдошидан эрта ажралган бўлса-да, унга садоқат билан яшаб ўтган Зулфияхоним таваллуд топган кунни”, — деб ёзади газета.