Сенатор Барак Обамани судга берди

Mike Theiler / Reuters
Mike Theiler / Reuters

Республикачилар партияси  вакили сенатор Рэнд Пол АҚШ президенти маъмурияти — Оқ уйни «миллионлаб америкаликлар ҳуқуқини поймол қилгани» учун судга берди. Сенаторнинг фикрича, Америка миллий хавфсизлик агентлиги томонидан амалга оширилаётган махфий кузатув дастурлари мамлакат конституциясига зиддир. Унинг бундай даъвосини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, шунингдек, республикачилар партиясининг сўл қаноти — «чойхўрлар» ҳаракати қўллаб-қувватлади.

Сенаторнинг Вашингтон округидаги судга қилган даъво аризаси бўйича мамлакат президенти Барак Обама, Миллий разведка хизмати раҳбари Жеймс Клаппер, шунингдек, Миллий хавфсизлик агентлиги ва Федерал тергов бюроси раҳбарлари Кит Александер ҳамда Жеймс Корни жавоб бериши керак бўлади.

Рэнд Полнинг сўзларига қараганда, у истиқболда суд жараёнида «телефони бор барча америкаликлар номидан» иштирок этишини маълум қилди.

Матбуот анжуманида чиқиш қилар экан, сенатор ҳозир мамлакатда ҳукуматга қарши кайфият ўсиб бораётганлигини айтиб, қандайдир шубҳа остида, қолаверса, суд санкциясиз одамларнинг телефон мулоқотларини эшитиш борган сари аксарият одамларда қаршилик уйғотаётганини таъкидлади.

Сенаторнинг мазкур ташаббусини қўллаб-қувватлаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг фикрича, Барак Обама ҳукумати АҚШ конституциясига киритилган тўртинчи тузатишни, яъни суд санкциясиз тинтув ўтказиш қоидасини поймол қилаётганини айтиб, бундай телефон мулоқотларини кузатишни зудлик билан тўхтатишни талаб қилишмоқда.

Америкада телефон мулоқотлари маълумотларини тинглаш ва уларни йиғиш дастури 2006 йил ўша пайтдаги президент Жорж Буш томонидан жорий қилинган. Ушбу тартибга кўра, махфий хизмат идоралари Хорижий разведка фаолиятини назорат қилиш бўйича махфий суд санкция асосида фуқароларнинг телефон мулоқотларини эшитиши мумкин.

Сенатор Рэнд Полнинг фикрича, конституция талаблари бўйича бундай фаолиятга рухсатни фақатгина Олий суд бериши мумкин. «Мен Миллий хавфсизлик агентлиги ёки айғоқчиликка қарши гапирмаяпман. Мен шунчаки ҳар бир ҳолатда махфий идоралар судьяга мурожаат қилишлари ҳамда аниқ исм, фамилияни айтиб, керакли рухсатномани олишларини истайман», — деди у.

Ўтган ҳафта Сенатда чиқиш қилган Миллий хавфсизлик агентлиги раҳбари Жеймс Клаппер телефон мулоқотларини эшитиш билан боғлиқ рақамлар ҳаддан ташқари ошириб кўрсатилаётганини айтиб ўтди. Унинг фикрича, идора 20 фоиздан кам америкаликлар мулоқотини кузатиб боради.

Рэнд Полнинг фикрича, бундай иддоалар етарли эмас. Чунки бу гап-сўзлар чиққанидан бери ҳукумат ушбу махсус кузатув қанча террористик ҳужумни бартараф этганини айтиб бера олгани йўқ.

Ўз навбатида, АҚШ ҳукумати даъво ҳеч қандай асосга эга эмаслигини қайд этишди. «Ишончимиз комилки, телефон мулоқотлари ҳақидаги маълумотларни йиғиш қонуний. Махфий хизматларнинг ҳар бир мурожаатини 15 нафар судья кўриб чиқади. Улар шу пайтга қадар ҳеч қандай ҳуқуқбузарликни қайд этишмаган», — дейди мамлакат адлия вазирлиги.

Эслатиб ўтамиз, Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Эдвар Сноуден томонидан махфий маълумотларнинг ошкор қилиниши АҚШ махфий хизматларига мамлакатда ва хорижда эътирозларнинг кучайишига олиб келди.