Миср бош вазири ҳукумат аъзоларига бюджет ҳисобидан минерал сув ичишни тақиқлади

Маълумки, шу йилнинг 24 февраль куни Миср ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфога чиқарилган эди. Бунинг боиси ҳукумат хатти-ҳаракатлари кўпчилик аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланмаётган эди.

Ҳазим ал-Бавлавий ҳукумати ўтган йили Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан сўнг четлаштирилганидан сўнг ташкил этилган эди.

Янги ҳукуматни шу пайтгача демография вазири бўлиб ишлаган Иброҳим Маҳлаб бошқарадиган бўлди. Айни пайтда ҳукумат таркибидаги вазирликлар сони 35тадан 26тага қисқартирилди. Ҳазим ал-Бавлавий ҳукуматидан 16 нафар вазир янги ҳукумат таркибидан жой олган. Ҳукуматнинг янги таркиби 2 март куни қасамёд келтиради.

Ҳукуматнинг нуфузини ошириш янги бош вазирнинг олдида турган вазифалардан ҳисобланади. У бунга биринчи галда мамлакатдаги иқтисодий аҳволни яхшилаш, ислоҳотларни изчил давом эттириш орқали эришмоқчи. У, жумладан, бюджет маблағларини тежаш учун бош вазирга ҳамроҳлик қиладиган машиналардан воз кечди. Энди унинг кортежини бутунбошли автомашиналар колоннаси қўриқлаб юрмайди. Уни фақат битта автомобиль, агар хизмат юзасидан зарурат туғилса, кузатиб юради.

Янги бош вазир вазирлар кенгаши биносидан барча минерал сувларни олиб ташлашни буюрган. “Мақсадим ғазна маблағларини мутаносиб ишлатиш ҳамда жамоатчиликнинг мамлакат сувлари сифатига ишончини оширишдир”, деди у.

Таҳлилчиларнинг фикрича, барқарор иқтисодий сиёсат билан бир қаторда бир марталик, яъни аҳолининг эътиборини тортадиган, уларга ҳукуматнинг ишини кўрсатадиган қатор популистик қарорлар қабул қилиниши зарур. Чунки иқтисодий шароит туфайли анча танг бўлган вазиятда одамларнинг норозилигига тез жавоб бериш талаб қилинади.