Ўзбекистон конституциясига киритилаётган тузатишлар нимадан дарак беради?

Маълумки, шу кунларда Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси конституциянинг 32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласини кўриб чиқаяпти. Президентнинг қонунчилик ташаббуси ишлаб чиқилган тузатишлар, расмий манбаларда айтилишича, “Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар парламентнинг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамаси, умуман ижро этувчи органларнинг масъулиятини, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш юзасидан мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни сезиларли даражада чуқурлаштиришга қаратилгандир”.

Шуни қайд этиш керакки, Конституцияга киритилаётган тузатишлар ҳақида турли расмий ахборотлар бўлса-да, аҳоли ва айрим оммавий ахборот воситаларида буни жорий йилда бўлиб ўтадиган парламент ҳамда келаси йил бўладиган президентлик сайлови билан изоҳлаш ҳолатлари учрамоқда.

Албатта, бунга турли сабаблар бор? Биринчидан, конституцияга тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси сайтида эълон қилинмаган бўлса, иккинчидан, одамларга сиёсий ислоҳотлардан кўра, “сайлов” сўзи қандайдир сирли ва муҳим ҳисобланади.

Шу ўринда бир нарсага аниқлик киритиш керак: Ўзбекистонда сайлов вақти ёки президент ваколат муддатлари шу пайтга қадар қабул қилинган қонунларда ўз аксини топган. Чунончи, 2011 йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддасига киритилган тузатишга мувофиқ, Ўзбекистонда президент ваколат муддати етти йилдан беш йилга камайтирилган.

Шу билан бирга, “Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги сайлови 2015 йилнинг биринчи ярмида – Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов якунлари бўйича қарор чиқарган кундан эътиборан 90 кун ўтгандан кейинги биринчи якшанбада, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказилади.

Демакки, конституцияга киритилаётган тузатишларда сайлов билан боғлиқ қандайдир сенсацион ўзгаришлар юз бермайди.

Хўш, унда ушбу тузатишлар нима ҳақида? У нима мақсадни кўзлаган?

Маълумки, 32-моддада Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар, деб белгилаб қўйилган. Бундай иштирок этиш ўзини-ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади. Расмий хабарлардан англашилича, президент ушбу моддани давлат органлари фаолиятидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга оид қоида билан тўлдиришни таклиф қилмоқда. Хабарингиз бор, 2010 йил ноябрда парламент палаталари қўшма мажлисида чиқиш қилган президент “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш кераклигини айтган эди. Демакки, ушбу институтга конституциявий асос яратилмоқда.

78-моддада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари белгилаб қўйилган. Агар президентнинг 2013 йил декабрда конституциянинг 21 йиллигига бағишланган маърузасига эътибор қаратадиган бўлсак, бунда ушбу моддада Олий Мажлиснинг ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини ўрнатиш ваколатлари кенгайтирилади.

93-моддада Ўзбекистон Республикасининг Президентининг ваколатлари белгиланган. Ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга таянадиган бўлсак, янги тузатишга биноан президент парламент олдида ҳар йили мурожаат билан чиқиш ҳуқуқига эга бўлмоқда. Амалдаги конституцияда президент маъруза тақдим этиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

ЎзАнинг ёзишича, Президент ваколатларининг бир қисми Бош вазирга ўтказилади. Бизнингча, кўпроқ ҳукуматни шакллантириш масаласини қамраб олади.

98-моддада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари белгилаб берилган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳукумат ўз фаолияти бўйича кимнинг олдида ҳисобдор эканлиги белгилаб қўйилмоқда. Ўзбекистон сиёсий тузилиши нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, ҳукумат ҳам парламент, ҳам президент олдида ҳисобдор бўлади.

Яна бир жиҳат: расмий манбаларда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий-иқтисодий сиёсатни рўёбга чиқариш, фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштириш ва йўналтириш, уларнинг фаолияти устидан назоратни таъминлаш учун жавобгарлигини янада ошириш назарда тутилмоқда.

Яна бир масала: Тузатишларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Бош вазир лавозимига номзод кўриб чиқилаётган ва тасдиқланаётган пайтда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури номзод томонидан тақдим этади.

103-моддада вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ўз ваколатларини яккабошчилик асосларида амалга оширадилар ва ўзлари раҳбарлик қилаётган органларнинг қарорлари ва фаолияти учун шахсан жавобгардирлар, деб белгилаб қўйилган. Ушбу модда “Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиши ва улар юзасидан халқ депутатлари Кенгашлари тегишли қарорлар қабул қилиши кўзда тутилмоқда”, деган қоида билан тўлдирилмоқда.

Ва 117-моддада мамлакат сайлов тизими ўз аксини топади. Яна расмий манбаларга таянадиган бўлсак, бу моддада Марказий сайлов комиссиясини ташкил қилиш ва унинг фаолиятининг асосий мезонлари белгилаб қўйилмоқда.

Бу ўзгаришлар нимадан далолат беради? Моҳиятан олиб қараганда, Ўзбекистонда парламент-президент республикаси тизими такомиллаштириб борилаётганга ўхшайди. Бизнинг фикримизча, тузатишларни уч қисмга ажратиш мумкин:

Биринчиси, ҳақиқатда принципиал конституциявий ўзгаришлар бўлиб, у ёки бу ваколат у ёки бу давлат ҳокимияти органидан бошқа давлат ҳокимияти органига ўтказилмоқда.

Иккинчиси, аниқлаштириш хусусида нормалар бўлиб, Конституцияда ўз ифодасини топган қатор қоидалар янада аниқлаштирилмоқда. Масалан, ҳукуматнинг ҳисобдорлиги масаласини олиб қарайдиган бўлсак, моҳиятан ҳукумат президент ва парламент томонидан шакллантирилади. Демак, у ҳам президент, ҳам парламент олдида ҳисобдор бўлади.

Учинчиси, жамият ҳаётида бўлган ёки кириб келаётган институтлар ёхуд қоидаларга конституциявий мақом берилмоқда. Дейлик, жамоатчилик назорати, Марказий сайлов комиссиясига оид тузатишлар шу вазифани бажаради.

Умуман олиб қараганда, агар конституцияга киритилаётган тузатишлар амалда яхши ишлайдиган бўлса, улар шак-шубҳасиз, демократик давлат принципларини жорий қилишга имкон яратади.

 

Мурод ҒОФУРОВ.