Депутатлар Конституцияга тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

Парламент қуйи палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрлаш чоғида унинг асосий ғоя ва қоидаларини муҳокама этиш ҳамда чуқур ўрганиш юзасидан бир қанча учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Уларда сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, мутахассис ва олимлар, юрист-ҳуқуқшунослар иштирок этдилар. Қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг мажлисларида, Қонунчилик палатаси қўмиталарида фаол ва кенг муҳокама қилинди.

Депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилаётган тузатишларнинг ўз вақтида қўйилгани ва муҳимлиги”ни қайд этган.

Депутатлар, хусусан, Конституциянинг 117-моддасига киритилаётган тузатишларнинг алоҳида муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар. Ушбу тузатишларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилиши белгилаб қўйилмоқда. Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлиликдан иборат асосий принциплари мустаҳкамланмоқда. “Кўплаб ривожланган демократик мамлакатларда сайловлар ижро этувчи ҳокимият органлари – Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги каби вазирликлар томонидан ташкил этилади. Марказий сайлов комиссиясига парламент томонидан тузиладиган мустақил конституциявий орган мақомининг берилиши эса фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига сайлаш ва сайланишдан иборат конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишни тўлиқ таъминлайдиган сайлов тизимини янада демократлаштириш, шунингдек, сўз эркинлиги, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш борасидаги ҳуқуқлар кафолатларини кучайтириш йўлидаги муҳим қадамдир”, — дейишди депутатлар.

Қонун Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида кўриб чиқилиши, сўнг Президент томонидан имзоланиши ва матбуотда эълон қилиниши лозим.