Хушмуомалалик юксак фазилат, истардимки…

Бу  юртга  биринчи  қадамимни  қўйган  онданоқ,  АҚШдаги  инсонларнинг ниҳоятда  хушмуомала ва  олийжаноблигига  жуда  қойил  қолганман.   Кимга  мурожаат қилманг,   очиқ   чеҳра ва  енгил  табассум  билан  жавоб  қайтаришади ва  ҳаттоки,  мушкулингизни  осон  қилишга  роса  ҳаракат  қилишади.  Автобус  ҳайдовчисидан  тортиб  банк  ходимигача барча  жуда меҳрибон.  Фикрингизга  охиригача қулоқ  тутишади,   агар  ёрдам  бера  олишмаса,  ёрдам  бериши  мумкин  бўлган  инсонни  топиб,   сизни  эътиборсиз  қолдиришмайди.

Автобусга  минган  дақиқангиздан,  аксарият  ҳолларда,  автобус ҳайдовчиси  сизга очиқ  чеҳра  билан салом беради,  ҳол-аҳвол сўрайди  ва автобусдан  тушаётган пайтингиз,   албатта,  хайрлашиб,   кунингиз  яхши  ўтишини  тилаб қолади.   Шунга  яраша  йўловчилар  ҳам хушмуомалалик  билан  жавоб  қайтаришади.

Мижоз  сифатида  сиз  алоҳида  ҳурматга  эгасиз.  АҚШдаги  банкларнинг  ходимлари  мижозларга  нисбатан ўта  серҳурмат,  ахир  улар  мижоз-да.  Агар улар бўлмаса,  банкнинг кераги  ҳам йўқ.  Банкка  кирган пайтингиздан,  банк  ходими сизни  кутиб  олади  ва  қандай  хизмат кераклигини  сўрайди.  Агар банкда кутиш навбат  бўлса,  сизга  кутиб туриш  мумкин  бўлган  жойни  кўрсатиб,  вақтингиз келгунча келиб сиздан хабар олиб туради.

Бу оддий бир банкдаги мисол,  холос.  Мижозлар  билан  ишлайдиган бошқа давлат ва нодавлат  ташкилотларида ҳам  худди шундай,  ҳамма нарса режалаштирилган,  ходимлар ўз ўрни ва вазифасини юқори даражада билади  ва биринчи навбатда,   жуда хушмуомала.  Энг муҳими,  сиз мижоз сифатида ҳеч қачон четда  қолиб  кетмайсиз.

Бундан ташқари,  бирор бир ташкилотга савол юзасидан қўнғироқ қилганингизда,  сиз билан телефонда суҳбатлашаётган ходимни  кўрмасангиз-да,   унинг барча саволларингизга шошмасдан аниқ ҳамда одоб билан жавоб бериши сизни ҳеч вақт эътиборсиз қолдирмайди.  Суҳбат якунида бугунги қўнғироқдан кўнглингиз тўлган ёхуд тўлмаганлигини ҳам сўрашади.  Сиз бемалол ўз фикрингизни билдиришингиз мумкин,  чунки сизнинг фикрингиз улар учун жуда муҳим.  Сабаби,  уларнинг кейинги риожланиши сиздай мижозларнинг қўлидадир.

Хушмуомалалик  бу  ҳар  бир  инсондаги маданиятлилик  даражасини  белгилаб  берувчи  омиллардан  биридир.  Тўғри,  ҳаётда учрайдиган айрим  муаммолар  туфайли  баъзан  хушмуомалаликни унутиб  қўямиз.  Лекин  нима  учун  бундан  бошқалар   азият  чекиши  керак?  Айниқса,  мижозлар  билан  ишлайдиган  корхоналарда  хушмуомалалик  юқори  даражада бўлиши  шарт,  ахир битта ходим кунига бир нечта мижозни  қабул  қилади ва ўз  ўрнида  шу мижоз  қайтиб  шу  ташкилотга  мурожаат  қилиши  учун  бор  кучини  сарфлаши  лозим.   Бунга  калит  эса ўз  ишини  пухта  билиши  билан  бирга,  сўзлашув одоби ҳамдир.

Ўзбек  халқи азалдан  жуда меҳрибон,  андишали ва оқибатли  бўлиб  келган.  Буни  кекса  авлод  мисолида  яққол  кўриш  мумкин.  Лекин  ҳозирги  кунда ватанимиздаги баъзи давлат  ва  нодавлат ташкилотларида учраб  турган  айрим  салбий  ҳолатлар,  баъзи ходимларнинг ўз ишини яхши билмаслиги ва бунинг  устига мижозларга қўпол муомала қилиши жуда ачинарли ҳол.  АҚШ каби  давлатларда яшаб,  яхши хизмат   нималигини билган инсонлар,  албатта,  бу икки вазиятни  солиштириб,  ўзларига  керакли  хулосаларни  чиқаришади.  Лекин,  афсуски,  кўпинча бундай  ҳолатларни  эътиборсиз қолдиришади.

Назаримда,  мижозлар билан ишлайдиган ҳар бир ходим ишга  қабул  қилинишдан  олдин хушмуомалалик синовидан  ўтиши  лозим.  Шундагина  Ўзбекистондаги барча  давлат  ва  нодавлат  ташкилотларнинг  мижози  янада  ортади,   бу  эса  ўз навбатида профессионаллик  даражасини ҳам  оширади.

Мен ватаним Ўзбекистон ҳар жиҳатдан ривожланишини ҳамда халқимга ўз она юртида  ва ватанимни  зиёрат қилишга келган  хорижлик меҳмонларга,  қайси корхона  ёки  ташкилот  бўлмасин,  барча муассасалар хушмуомалалик билан муомала қилишларини  жуда истайман.  Ҳеч ким  ўзбек халқи ҳақида ёмон фикрда бўлиши керак эмас,  буни эса  амалда кўрсатиб бериш  бизнинг қўлимиздан,  албатта,  келади.

Вазира ЗАБИЕВА
Аризона Давлат университети Меликиан маркази ўзбек тили ўқитувчиси
Фулбрайт ФЛТА дастури қатнашчиси