Ўзбекистонда сиёсий партиялар сайловларга тайёргарликни бошладими?

     

    Маълумки, шу йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига — Олий Мажлисга ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

    Ўзбекистонда шаклланган сиёсий маданият бу жараёнларга очиқчасига урғу бермаса-да, сиёсий партияларнинг «қимирлаб қолгани» бу жараёнга қизғин ҳозирлик кетаётганидан далолатдир.

    Бу жараёнлар, албатта, ўтган йили мамлакатдаги сиёсий партиялар раҳбарлари тўлиқ алмашганидаёқ ўз аломатларини кўрсата бошлаган бўлса-да, сиёсий партиялар шу кунларда ўз фаолият дастурларини атрофлича кўриб чиқишаётгани ҳам сайловга «сигнал» берилганидан далолатдир.

    «Миллий тикланиш» сайловчиларга берилган ваъда устидан чиқмоқчи

    Чунончи, яқинда «Миллий тикланиш» партиясининг пленуми бўлиб ўтди. Шуни таъкидлаш керакки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий сайтидаги маълумотларга кўра, парламент қуйи палатасида ушбу партиянинг 30 нафари депутати бор. Бу жами депутатлик ўринларининг 20 фоизи деганидир.

    Партия расмий сайтида жойлаштирилган расмий хабарни кўздан чиқиб, шунга амин бўлиш мумкинки, партия йиғилиши бирмунча танқидий руҳда ўтган. «Пленумда… партия фаолияти танқидий таҳлил қилинар экан, …қонунлар сифатини яхшилашга ва электорат манфаатларига қаратилган  ғоя ва дастурларни илгари суришда, аниқ мақсадларни кўзловчи, масаланинг муқобил ечимини кўрсатиб берувчи дастур ва лойиҳаларни илгари суришда бошқа партия­лар билан  амалий негизда рақобат қилишга етарли даражада ташаббус кўрсатилмаётган»лиги таъкидланган. Шу билан бирга, «электорат ва сайловчиларга берилган ваъдаларнинг устидан чиқиш, партия Ҳаракат дастурида кўзда тутилган мақсад-муддаоларни ҳаётга тўлиқ жорий этиш учун аниқ чора-тадбирлар асосида фаолиятни ташкил этиш лозимлиги» уқтириб ўтилган.

    Аммо пленум материаллари билан танишар экансиз, унда бўлажак сайловларга тўғридан-тўғри ишора кўзга ташланмайди, шундай бўлса-да, партия жараёнга тайёргарликни кучайтиришга урғу бераётганини кўриш мумкин.

    ХДП «халқчил қонунлар қабул қилиш» зарурлигини таъкидламоқда

    Ўзбекистоннинг «отахон» партияларидан бири — Халқ-демократик партиясининг «…пленумида асосий эътибор мамлакатимиз Президентининг Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сиёсий партиялар фаолиятини кучайтириш юзасидан билдирган фикрларидан келиб чиқадиган вазифалар ва электорат манфаатини ҳимоя қилишни янги босқичга кўтариш масалаларига қаратилди», дейилади партия нашри, яна бир «отахон» газета — «Ўзбекистон овози» материалида.

    Хабарда келтирилишича, «пленум бугунги кунда партия ҳаётидаги энг долзарб масалаларни атрофлича муҳокама этди». Лекин ушбу материалда ҳам бўлажак сайлов ҳақида лом-мим дейилмаган. Партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоевнинг айтишича, «фракция аъзоларининг сайлов округларидаги фаолияти самарадорлигини янада ошириш зарур. Чунки, халқ­чил қонунлар қабул қилиш, электоратни ўйлантирадиган муаммоларни парламентда муҳокама қилиш учун депутат ўз сайловчилари билан доимий алоқада бўлиб туриши шарт».

    ХДП Ўзбекистондаги энг кекса партиялардан бири бўлиб, парламент қуйи палатасида 29 нафар депутатлик ўрнига эга. Партия ўзини норасман «мухолифат» партия сифатида кўради.  

    «Адолат» СДП “дангал” партиями?

    Дунё социал-демократларининг Ўзбекистондаги варианти «Адолат» СДПнинг яқинда бўлиб ўтган пленумида партия раҳбари Н. Умаров жорий йилдаги сайлов жараёнлари ҳақида «дангал» сўз юритган илк партия етакчиси, дейиш мумкин: «2014 йилда партия олдида улкан ва масъулиятли ташкилий-партиявий вазифалар турибди. Яъни, олдинда ҳисобот-сайлов компанияси ва ундан сўнг барча даражадаги вакиллик органларига сайловлар жараёни кутмоқда. Партиянинг ушбу йирик тадбирлари барча кучларни сафарбар этиш, партия тизимларида ишни пухта ташкиллаштириш, партия кадрлари ва фаолларининг мақсадли ва собитлик билан фаолият кўрсатишларини талаб қилади», — дейди Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг собиқ раиси.

    Партия бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 15 нафар депутатлик ўрнига эга.

    ЎзЛиДеП «фалсафаси»

    Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлисида «ЎзЛиДеП тузилмалари ва депутатлик бирлашмаларининг ҳисобот давридаги фаолияти якунлари сарҳисоб қилинган ҳамда партия дастурий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича партия ташкилотлари ишини янада такомиллаштириш масалалари муҳокама этилган».

    Маълумки, ЎзЛиДеП парламент қуйи палатасида энг кўп депутатлик ўрнига, яъни 51 нафар депутатлик ўрнига эга «ҳукмрон партия» ҳисобланади. ЎзЛиДеП «Миллий тикланиш» ва «Адолат» СДП билан «демократик блок»ни ҳосил қилиб, парламент кўпчилигини ташкил қилади.

    ЎзЛиДеП тарқатган матбуот хабарида «Мажлис иштирокчилари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни ривожлантиришга доир энг муҳим вазифаларни ҳал этиш, хусусий мулкни жадал ривожлантириш ва ҳимоя қилиш, мулкдорлар ҳуқуқларини таъминлаш, бизнес юритиш учун шароитларни яхшилаш мақсадида қонунчиликни ривожлантириш учун партия тузилмалари, депутатлик корпусининг салоҳиятидан максимал тарзда фойдаланиш бўйича ишларнинг устувор йўналишларини белгилади», дейилади.

    Ўзбекистон сиёсий партияларига хос бўлган яна бир жиҳат: ЎзЛиДеП ўтган йилги фаолияти давомида «Партия кўмагида 3000 дан зиёд аёллар ва ёшлар ўз бизнесини йўлга қўйиш ва бизнес-лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида тижорат банкларининг  умумий қиймати 24 млрд.сўмдан ортиқ имтиёзли кредитларини олди. Фермерлар кенгаши билан ҳамкорликда 3500 дан зиёд фермерларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, турли ташкилотлардан бажарилган шартномалар бўйича 12,5 млрд.сўмдан ортиқ маблағлар ундириб берилди», деб хабар беради. Сиёсий партиянинг бундай саъй-ҳаракати қанчалик сиёсий партия назарияси ва фалсафасига тўғи келади, албатта, бу алоҳида масала.

    Умуман, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонунга кўра, сайлов кампанияси бошланганлиги аввалги чақириқ Қонунчилик палатаси депутатларининг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Унгача, сиёсий партиялар ўзларининг қурултой ёки ўрисчасига айтганда, съездларини ўтказади ва сайловолди дастурларини эълон қилади.

    Аммо партиялар учун демократиянинг энг муҳим институтларидан бири бўлган сайлов жараёнлари ҳақида баралла сўз юритадиган ва амалий ишларни бошлайдиган вақт аллақачон келиб бўлган.