Дунёнинг илк қўл телефони

Биринчи мобил алоқа телефони бундан 30 йил муқаддам яратилганини кўпчилик билмаса керак.  Ўшанда “Моторола” компаниясининг “DynaTAC 8000Х” русумли илк қўл телефони АҚШда қарийб $4000 га сотилган эди.  Бугунги кун нархлари бўйича,  у $9000 га тенг келади.

Оғирлиги яқин 1 кг. бўлган уяли телефон,  асосан,  бойларнинг қўлида кўз-кўз қилинадиган “ўйинчоқ” вазифасини ўтаган.  У шунчалик катта эдики,  ҳатто ишлаб чиқарган одамларнинг ўзлари уни “ғишт” деб атаган.  Батареяси фақат ярим соатга етган холос.

Илк қўл телефонини оммага тақдим этиш учун “Моторола” 10 йил вақт ва 100 миллион доллар сарфлади.

Федерал коммуникация қўмитаси фақат 1982 йилдагина уяли телефонлар ишлаб чиқарилишига рухсат берди.  Бу пайтга келиб “Америтек” компанияси Чикаго шаҳри аҳолиси учун уяли тармоқ антенналарини қуришни бошлаб юборган эди.

1983 йилнинг 12 октябрида “Америтек” дунёда илк бор расман уяли алоқа учун абонент хизматларини тақдим этди.  Ушбу хизматнинг бир ойлик абонент тўлови $50 бўлиб,  бундан ташқари ҳар бир дақиқа учун 40 сент тўлов олинган.  Алоқа хизмати фақат эрталаб соат 5:00 дан кеч соат 17:00 гача тақдим этилган,  холос.