Ўзбекистонда халқаро пул ўтказиш тизимларига талаблар кучайтирилди

Ўзбекистонда 2014 йилнинг 1 апрелидан бошлаб халқаро пул ўтказиш тизимлари операторлари билан ишлайдиган банкларга нисбатан талаблар кучайтирилади. “РИА Новости”нинг Ўзбекистон банклари ассоциациясидаги манбасига таяниб хабар беришича, бундай қаттиқ чораларнинг кўрилишига “Мигом” тўлов тизимидаги муаммолар сабаб бўлган.

“Барча тўлов тизими операторлари халқаро рейтинг агентликларининг рейтингига эга бўлишлари ёки ўзларининг ишончлилиги ва барқарорлигини тасдиқлайдиган банк кафолатларини тақдим қилиши керак бўлади”, — дейилади манба берган маълумотда.

Унинг сўзларига кўра, Марказий банк қарорига биноан операторлар маҳаллий банкларда бир кунлик пул ўтказмаларининг минимал миқдорида ўзининг хорижий валютадаги суғурта депозитларини очиши керак бўлади. Тегишли талаб шу йилнинг 31 мартига қадар бажарилиши керак.

Ўзбекистон банклари ассоциацияси вакилига кўра, бундай норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши, биринчи навбатда, “Мигом” тўлов тизими фаолиятининг февраль ойида тўхтатилиши билан боғлиқдир.

“Мигом” фаолиятида ўтган йилнинг куз ойида Россия марказий банки томонидан ушбу тизим асосчиси “Евротраст” банки лицензияси чақириб олинишидан сўнг муаммолар юзага келди. Йил охирига келиб тизим узилишлар билан нафақат Россияда, балки Украина, Тожикистон ва Ўзбекистонда ишлаб турди. Февраль ойида “Евротраст” банки лизенцияси чақириб олингач, тизим қарийб ўз фаолиятини тугатди.

Хабарда келтирилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 15га яқин пул ўтказиш тизими фаолият юритади. Россия Марказий банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон Россиядан шахсий пул ўтказмалари бўйича 2013 йилда етакчи давлат бўлди. Бу кўрсаткич 6,7 миллиард долларга етиб, 2012 йилга нисбатан 17,5 фоиз ўсиш кузатилди.