Америкалик қиз Facebook’даги изоҳи учун жазолаган мактабидан 70 минг доллар ундириб олди

Миннесота штатидаги Минневаска шаҳрида яшовчи ўн беш яшар Райли Стрэттон ўз мактабини судга бериб, 70 минг доллар компенсация ундириб олди. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига ИТАР-ТАССнинг хабар беришича, 2012 йилда Стрэттон ўзининг Facebook’даги саҳифасида мактаб ўқитувчиларидан бирининг ёрдамчисини ёмон кўришини ёзади. Эътиборли тарафи, ўқувчи ушбу қайд (статус)ни ўзининг уйдаги компьютеридан ёзади.

Ушбу изоҳ ҳақида хабар топган мактаб маъмурияти Стрэттондан унинг Facebook’даги саҳифаси паролини беришни талаб қилади. Кейин улар қиз боланинг кўз ўнгида унинг шахсий саҳифасини кўздан кечира бошлайди. Бунда улар қизнинг ота-онасининг ёзма рухсатномасини олмаган. Ваҳоланки, бу шахсий дахлсизлик талабларидан бири ҳисобланади. Шундан сўнг қиз маълум муддатга жазо тариқасида ўқув машғулотларидан четлаштирилади.

Ушбу воқеалардан сўнг АҚШ фуқаролик эркинликларини ҳимоя қилиш иттифоқи қизнинг номидан судга мурожаат қилди. Ташкилот адвокатининг айтишича, мактаб маъмурияти Райли Стрэттонни барча ўқувчилар қиладиган иш учун жазолаган. Яъни у ўз ўртоқларига ўқитувчисидан шикоят қилди, у қандайдир ёмон иш қилгани йўқ, балки ўз ҳиссиётларини айтиб ўтган.

Адвокатнинг фикрича, мактаб маъмурияти ўқувчиларни ижтимоий тармоқлардаги хулқи учун жазолаш ҳуқуқига эга эмас.

Мактаб ушбу масаланинг очиқ суд жараёнига етиб бормаслиги учун келишишни афзал кўрди. Қиз бола ва унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган ташкилотга 70 минг доллар миқдорида компенсация тўлашга рози бўлди.