Тошкентда Жанубий Корея университети очилади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 24 март куни Тошкент шаҳрида Инҳа (Жанубий Корея) университетини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасига таяниб, Kun хабар берди.

Қарор ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида халқаро стандартлар даражасида юқори малака кадрларни тайёрлаш мақсадида қабул қилинган.

Тошкентдаги Инҳа университети Ўзбекистон олий таълим муассасаси сифатида ташкил этилмоқда. Ундаги таълим жараёни Жанубий Кореянинг Инҳа университети томонидан, илғор педагогик ва ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Талабалар янги олийгоҳда инглиз тилида таълим олишади, таълим Ўзбекистон давлат таълим стандартларидан келиб чиқиб, Инҳа университети ўқув режалари ва дастурлари асосида олиб борилади.

Битирувчиларга Ўзбекистонда олий таълим ҳужжати сифатида тан олинадиган Инҳа университетининг тегишли намунадаги дипломлари топширилади.

Университетда абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни имтиҳондан ўтказиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, Инҳа университетида ўрнатилган тартиб асосида амалга оширилади.

Хабарда айтилишича, Тошкентдаги Инҳа университетининг ўқитиш ва мутахассислар тайёралш бўйича асосий таълим йўналишлари (мутахассисликлар) сифатида компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг ва компьютер тармоқлари инжиниринги танланган.

Тошкентдаги Инҳа университети 2014/2015 йил учун қабулни 1 октябрдан бошлаб қабул қилишни режалаштирмоқда.