Европа Иттифоқи модели Марказий Осиё давлатлари учун намуна бўла оладими?

Аҳолиси кам ва иқтисодиёти кичик бўлган давлатлар халқаро муносабатларда аксарият ҳолатларда катта давлатларнинг таъсири доирасида бўлади. Албатта, давлатлараро муносабатларни манфаатлар белгилайди. Ҳар бир давлат ўз миллий манфаатлари нуқтаи назаридан бошқа давлатлар билан муносабатга киришади, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиради. Манфаатлар, аввало, тенг ҳуқуқли, яъни бошқа давлатнинг мустақиллигини ва манфаатларини ҳурмат қилган ҳолда, ички ишларига аралашмаслик принциплари асосида, ҳар икки томонга фойдали бўлган шартнома ва келишувлар орқали ёки таъсир кўрсатиш орқали рўёбга чиқарилади. Таъсир кўрсатиш сиёсати одатда кучли давлатлар тарафидан қўлланилади.

Таъсир кўрсатиш сиёсатининг уч босқичи мавжуд:

1. Истаганини илгари суриш усули. Бунда бир давлат ўз манфаатларини қондириш мақсадида бошқа давлатга маълум шартномага кириш ёки шартларни бажариш унинг ҳам манфаати эканлини кўрсатишга ҳаракат қилади.

2. Турли иқтисодий ва сиёсий имкониятлар таклиф қилиш орқали муайян шартномаларга киришишни талаб этиш усули. Бу Ғарбда “сабзи ёндашуви” деб аталади.

3. Юқоридаги икки “юмшоқ куч ишлатиш” усули қўл келмаган тақдирда бевосита қаттиқ куч ишлатиш, ҳукуматга босим ўтказиш, халқни ҳукуматга қарши руҳлантириб, инқилобга шароит яратиш, ОАВ ва нодавлат нотижорат ташкилотлари орқали аҳоли орасида ҳукумат ноқонунийлиги ҳақида тарғиботини олиб бориш, бевосита уруш эълон қилиб босиб олиш каби йўллар билан амалга оширилади. Бу Ғарбда “таёқ ёндашуви” деб аталади. Бу ҳолат бугун Россия ва Украина давлатлари муносабатларида яққол кўзга ташланди.

Марказий Осиё давлатлари учун халқаро муносабатлардаги энг катта манфаат бу улар мустақиллигининг ҳурмат қилинишидир. Манфаатнинг кўнгли бўлмайди, балки сиёсий кучларнинг мезони муносабатларнинг асосини белгилайди.

Мустақиллигимиз биз учун энг қадрли бойлигимиз экан кучли бўлишга интилишимиз зарур. Акс ҳолда, XIX-XX асрда рус ва инглиз империяларининг “катта ўйин”и қурбонига қандай айланган бўлсак, XXI асрда ҳам Россия, Хитой, АҚШ, келгусида Ҳиндистон манфаатлари тўқнашуви натижасида, аввало, мустақиллигимиз, қолаверса миллий манфаатларимиз ва қадриятларимиз бой берилиши хавфини ҳеч ким инкор эта олмайди.

Давлатнинг қудрати қандай ўлчанади? Қайси давлатлар қудратли таъсир кўрсатиш салоҳиятига эга? Қайси давлатлар халқаро муносабатларда ўз манфаатларини ҳимоя қилишда устунликларга эга ва бу устунликлар нимада?

Халқаро муносабатларда кучли давлатларнинг икки хил кўриниши бўлади: муайян минтақа давлатларига куч кўрсата оладиган ва бошқа қитъа давлатларига ҳам таъсирини ўтказа оладиган глобал қудратга эга давлатлар. Давлатларнинг қудратини ўлчашда жуда кўп омиллар, жумладан, давлатнинг урушлар тарихи, геосиёсий жойлашуви, иқтисодий, ҳарбий салоҳияти, аҳолининг ўсиш суръати каби бир қанча кўрсаткичлар инобатга олинади. Масалан, Марказий Осиё минтақасида потенциал манфаатлари бўлган уч давлат — АҚШ, Хитой ва Россиянинг умумий қудратини баҳолашда учта асосий омилга, яъни иқтисодий, ҳарбий ва аҳолисининг сонига эътиборингизни қаратмоқчиман:

АҚШ, Хитой ва Россиянинг умумий қудратини баҳолашда учта асосий омил
АҚШ, Хитой ва Россиянинг умумий қудратини баҳолашда учта асосий омил

Марказий Осиё мустақил давлатларининг (Ўзбекистон (30.1 миллион), Қозоғистон (17.7 миллион), Қирғизистон (5.6 миллион), Туркманистон (5.1 миллион), Тожикистон (8 миллион)) умумий аҳолиси сони 66 миллионга яқин. Бу минтақада катта роль ўйнайдиган Россия аҳолисининг ярмига ҳам тенг эмас. Марказий Осиёнинг умумий ялпи ички маҳсулоти 300 миллиард атрофида бўлиб, Ҳиндистонникидан 6, Россияникидан 7 баробар кам. Ушбу давлатлар бюджетида мудофаа харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизи, яъни 5 миллиард АҚШ долларига ҳам етмайди.  

АҚШ, Хитой ва Россиянинг Марказий Осиёдаги манфаатлари

АҚШ:

•   АҚШнинг Марказий Осиёдаги бирмунча суст сиёсати 2001 йил сентябрь воқеаларидан сўнг тубдан ўзгарди. Афғонистон борасида стратегик ҳамкорлик ҳарбий йўналиш билан чекланиб қолмади. Минтақа давлатларининг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий демократик янгиланишига кўмаклашиш ушбу минтақадаги АҚШ сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди;

• АҚШ Марказий Осиё давлатлари билан ҳар қандай иқтисодий ҳамкорликка қўл уриши ёки АҚШ тарафидан кўрсатиладиган иқтисодий ёрдам асосида инсон ҳуқуқлари ва демократик ислоҳотларга алоҳида урғу беради;

•   Россия ва Хитой таъсиридан холи иқтисодий барқарор ва хавфсиз минтақа яратиш;

• АҚШ бошчилигидаги халқаро кучларнинг жорий йилда Афғонистонни тарк этиши кўзда тутилаётган бўлса-да, Афғонистон хавфсизлиги ва тараққиёти АҚШ ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаверади. Бунинг учун эса, албатта, Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик бўлиши шарт;

•   АҚШнинг 2005-2006 йиллардаги “раҳбар ўзгартириш” сиёсати, демократик ислоҳотларни ташқаридан куч ишлатиш орқали тарғиб қилишда муваффақиятсиз уриниши янгича ёндашувни ўртага қўйди: а) демократик ислоҳотларниг нодавлат ташкилотлар орқали тарғиб қилиш, инсон ҳуқуқлари масаласини ташқи сиёсатнинг марказида сақлаб туриш; б) эътиборни кўпроқ минтақадаги хавфсизликка қаратиш; c) агрессив сиёсат демократлашув жараёнини тезлаштирмай, балки минтақада барқарорликка путур етказиб қўйиши оқибатида Россиянинг фаол сиёсатига йўл очишини англаб етиш;

•   АҚШ минтақада масофавий сиёсат олиб боради. Минтақадаги манфаатлари Россиянинг “таъсир зоналари” ёки Хитойнинг “энергия манбаи” сиёсатига ўхшамайди;

•   АҚШнинг “Янги Ипак йўли” стратегияси АҚШ ва ривожланаётган Жанубий Осиё давлатлари билан Марказий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган. АҚШнинг минтақа бўйича янги сиёсати шу стратегик ҳамкорлик негизида қурилади.

Хитой:

•   Хитойнинг Марказий Осиё давлатларига нисбатан сиёсатининг асосида, аввало, хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик ҳамда энергетика ётади;

•  Хавфсизлик: а) чегарадош Марказий Осиё давлатлари хавфсизлиги; б) Хитойдаги сепаратистик ва мустақилликка қаратилган турли ҳаракатларга қарши курашда Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик;

•   Хитойнинг демократик ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳеч қандай талаблари йўқ. Балки иқтисодий ҳамкорликда хавфсиз минтақа ва прогрессив ҳукуматлар билан муносабат қулайроқ;

•   Хитой учун мудофа соҳасида ҳамкорлик муҳим. Бу борада Чегара давлатлари ўртасида ҳарбий ишончни кучайтириш тўғрисида шартнома Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида имзоланган;

•   Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонни ичига олган Шанхай клубидан асосий мақсад ҳам терроризмга қарши кураш, мустақил давлатларнинг чегара ва хавфсизлигини сақлашга қаратилган;

•   Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Россия ва Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий йўналишларда ҳамкорлик учун асос солган бўлса-да, у, асосан, Хитойнинг иқтисодий манфаатлари учун самарали хизмат қилиб келмоқда;

•   Хитой ўз ички бозорини таъминлаш мақсадида Марказий Осиё давлатлари билан кучли иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб бормоқда;

•   Хитой ҳам АҚШ сингари Марказий Осиё давлатларининг кучли давлатларнинг таъсиридан холи, сиёсий барқарор ва иқтисодий ривожланган минтақа бўлиб қолишидан манфаатдор;

•   Хитой АҚШнинг минтақада демократияни ёйиш сиёсатига қарши бўлиб, у минтақа давлатларининг Ғарб манфаатларига хайрихоҳ бўлишига кўп ҳам мойиллик билдирмайди. Ғарбпараст ҳукуматлар унинг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий манфаатлари учун тўсиқ бўлиши мумкин;

•   Хитой 2014 йилдан кейин Марказий Осиё минтақасида сахий инвестор сифатида фаол иқтисодий роль ўйнайди;

Россия:

•   XIX асрда Россиянинг Буюк Британия билан “Катта ўйин”и айнан Марказий Осиё минтақасида борган эди. XXI асрда эса у АҚШ ва Хитой ҳаракатларини минтақада чеклаш мақсадида фаол сиёсат олиб бориши табиий. Минтақага нисбатан “таъсир зонаси” атамасини қўллаши ҳам бунинг яққол исботидир.

•   Россия дунё сиёсатида Совет Иттифоқининг асосий меросхўри сифатида ўзининг эски мавқеини тиклашга ҳаракат қилади. Эски қудратига эга бўлиши бевосита Шарқий Европа (Украина, Белорусь, Молдова), Жанубий Кавказ (Озарбойжон ва Арманистон) ва  Марказий Осиё минтақасига таъсир ўтказиш, бу давлатларни таъсир доирасида ушлаб туриши билан боғлиқдир.

•   Совет Иттифоқи қулаши натижасида МДҲнинг ташкил этилишидан мақсад Ғарб ва АҚШ учун минтақада геосиёсий бўшлиқ яралишининг олдини олишдан иборат эди. Россия бундай ташкилотларни, жумладан, Евросиё иқтисодий ҳамкорлик, Эркин иқтисодий зонани сўзда тенг ҳуқуқли, амалда эса ўз манфаатларига хизмат қилиш ва таъсир кўрсатиш воситалари сифатида ишлатган.

•   Россия учун ҳам АҚШ ва Хитой каби Марказий Осиёда тинчлик ва сиёсий барқарор муҳит бўлиши жуда муҳим.

•   Россия АҚШнинг Марказий Осиё давлатларида фаол сиёсат юритишидан чўчийди. Шарқий Европада НАТО таъсири кучайиши Россияни қанчалик хавотирга солса, Марказий Осиёда АҚШ ҳарбий базаси ва Ғарбга мойил сиёсий раҳбарларнинг ҳукуматга келиши, минтақада АҚШ “кўмаги” остида демократик ислоҳотларнинг амалга ошиши Россия манфаатларига жиддий зарар беради;

•   Россия Марказий Осиё давлатларининг сиёсий Исломдан холи ҳудуд бўлишидан манфаатдор. Россия учун дунёвий авторитар тузум исломий ёки ғарбча демократлашган давлатдан кўра яхшироқ.

•   Россияга кўра, АҚШнинг рангли инқилоблари минтақада хаос яратади;

•   Афғонистондан оқиб келаётган наркотик моддаларни камайтириш, терроризмга қарши кураш, диний мутаассиблар ҳукуматга келишининг олдини олиш Россиянинг Марказий Осиё бўйича сиёсатида устувор бўлиб қолаверади.

Марказий Осиё минтақасида фаол сиёсат юритаётган АҚШ, Россия ва Хитой билан муносабатларда мувозанат сақлаб туриш ўта нозик масала бўлгани учун ҳам Марказий Осиё ҳукуматлари у ёки бу йўналишда конкрет қадам ташламасдан, балки хавфсизлик ва барқарорликка кўпроқ эътибор қаратиб келади. Марказий Осиё давлатлари халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли субъект сифатида ўз миллий манфаатларини ҳимоя қила олиши, минтақадаги фаол ва қудратли давлатлар билан муносабатда мувозанатни йўқотмаслик учун ҳам ташқи сиёсатнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиши лозим.

Нима қилиш керак?

Биринчидан, Марказий Осиё давлатларининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларда танлаган йўли демократик, очиқ бозор, инсонпарварлик ва инсон ҳуқуқларининг ҳурмат қилиниши тамойилларига асосланган. Танланган йўл ўзига хос характерга эга бўлгани билан очиқ жамият ва демократик давлатларнинг бу борадаги принципларига мувофиқдир. Минтақа давлатлари қонунларда белгиланган таомилларини ҳаётга татбиқ қилиш учун АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиши ва орадаги турли қарама-қаршиликларни музокаралар орқали келишган ҳолда амалга ошириши мақсадга мувофиқдир.

Иккинчидан, АҚШ минтақа давлатлари ички ишларига аралашишдан воз кечиши, иқтисодий ва ҳарбий санкциялар ва турли сиёсий ва ижтимоий воситалар орқали ислоҳотларни мажбурий жорий қилиш усулидан воз кечиши керак. Балки минтақадаги ҳар бир давлат ҳукумати билан фаол, конструктив ва тавсиявий характердаги мулоқотини жонлантириши лозим. “Инқилоб қил, демократия олиб кел” (Украина, Грузия, Қирғизистон) мазмунидаги демократияни импорт қилиш сиёсати минтақада хаосга йўл очиши, оқибатда, исломий гуруҳларнинг ҳукуматга келиши, Россия ва Хитойнинг минтақада “тартиб ўрнатиш”га йўналган сиёсатининг фаоллашиши хавфи мавжудлигини тан олиши лозим.

Учинчидан, Марказий Осиё давлатларининг АҚШ билан очиқ ва фаол муносабатларига тўғоноқ бўлган омиллардан бири ҳам АҚШнинг ушбу минтақа мамлакатлари ички сиёсатига аралашуви ҳукуматлардан у ёки бу истакларни талаб қилишидир. Аслида Марказий Осиё давлатлари танлаган йўлида АҚШнинг маслаҳат ва ёрдамига эҳтиёжи катта. Инсон ҳуқуқлари, демократик сиёсий ислоҳотлар, мухолиф партиялар ва нодавлат ташкилотларнинг эркин фаолияти кафолати, ОАВ эркинлиги шулар жумласидандир. Марказий Осиё давлатлари бу борада аниқ дастурлар ишлаб чиқиши ҳамда бу йўлда АҚШнинг тажрибасидан фойдаланиши мақсадга мувофиқдир.

Тўртинчидан, Марказий Осиё давлатлари ўз манфаатларини ҳимоя қиладиган, АҚШ ҳукумати ва Конгрессига минтақа мамлакатларининг ўзига хос жиҳатларини турли тадқиқот фаолияти орқали тушунтирадиган лоббичилик фаолиятини ташкил қилиши ҳамда жонлантириши лозим.

Бешинчидан, Марказий Осиё давлатлари турли грантлар ташкил қилиш орқали ёшларни Европа Иттифоқи ва АҚШга ўқишга жўнатиши, олимлар ва тадқиқотчилар, турли университет ва илм масканлари ўрасида кенг алоқаларни йўлга қўйиши керак

Олтинчидан, АҚШ Иккинчи жаҳон уруши оқибатида Европа мамлакатларида Совет иттифоқи таъсирини камайтириш мақсадида Маршал режасини ишлаб чиққан эди. Мазкур режага биноан, Жаҳон уруши оқибатида иқтисодий таназзулга учраган Европа давлатларига иқтисодий ёрдам берилган. Америка иқтисодий кўмак орқали Совет Иттифоқининг минтақада таъсирини камайтириш, Совет Иттифоқига қарши кучли Европа давлатлари иттифоқи қуриш орқали сиёсий ва ҳарбий блок тузиш, АҚШ учун савдо бозорини яратиш, Европа мамлакатлари ўртасида чегарасиз савдо айланмаси учун шарт-шароит яратиш, сиёсий тизимни тубдан ислоҳ қилиш каби мақсадларни кўзлаган. Маршал режаси Европа Иттифоқининг тузилиши учун асосий пойдевор бўлди. Ҳозирда Европа Иттифоқи дунёдаги энг катта иқтисодиётга эга бўлиб, дунё аҳолисининг 8 фоизи Иттифоқнинг 28 мамлакатида истиқомат қилади. Европа Иттифоқи дунё бойлигининг 30 фоизини тасарруф этади. Бир сўз билан айтганда, бу мазкур режанинг Европада муваффақияти эди.

Совет Иттифоқидан ажраб чиққан Марказий Осиёдаги мустақил давлатлар учун ҳам иқтисодий тикланиш режасини ишлаб чиқиш АҚШ ташқи сиёсатининг ажралмас қисмига айланиши керак. Бунинг учун ташаббус Марказий Осиё давлатлари тарафидан қўйилиши керак. АҚШнинг икки рақобатчиси – Россия ва Хитойга қарши Марказий Осиё иттифоқини тузишга кўмаклашиш Марказий Осиё ҳамда Америка давлати учун манфаатлидир. Бунинг учун минтақада бу Иттифоқнинг платформаси мавжуд. Масалан, ГУААМ (Грузия, Украина, Ўзбекистон, Озарбойжон ва Молдова) гуруҳига ўхшаш Россия таъсирини камайтиришга қаратилган иқтисодий ҳамкорлик ташкилотини тузиш ва жонлантириш лозим ҳамда АҚШ ва Европа иттифоқи тарафидан  қўллаб-қувватланган «Янги Ипак Йўли» лойиҳаси Хитойдан Марказий Осиё орқали Европага Россиянинг таъсиридан холи савдо айланмасини жорий этиш.

Еттинчидан,  Марказий Осиё давлатлари минтақада турли ҳудудий муаммоларни дипломатик йўллар билан ҳал қилиши жуда муҳимдир.  Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Туркманистон билан сув, газ таъминоти масаласи,  Қирғизистон билан этник муаммоларни тинч ва ўзаро муроса йўли билан ҳал қилиш ўта муҳимдир.

Россиянинг Евросиё иқтисодий ҳамкорлиги ортида Путиннинг неоимпериалистик ғоялари ётгани бугун ҳеч кимга сир эмас.  Путин ҳукумати очиқ бозор ва демократик ислоҳотлар йўлидан бориш ўрнига,  марказлашган давлат ва кучли назорат қилинган иқтисодиёт йўлини танлади.  Бу эса Марказий Осиё давлатларининг келажакдаги мақсадлари билан тубдан фарқ қилади.  Марказий Осиё учун тинч,   барқарор ва демократик давлат ва бозор иқтисодига асосланган мустақил ва миллий давлатчилик муҳимдир.