Facebook ўз ахборот агентлиги фаолиятини йўлга қўйди

Facebook FB Newswire деб номланган янги ахборот агентлиги фаолиятини йўлга қўйди. Ушбу лойиҳага кўра, агентлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг текширилган материалларини чоп этиб боради. Бу ҳақда компания блогида маълумот берилди. Мазкур хизмат биринчи ўринда журналистлар-фойдаланувчилар постларидан фойдаланишни кўзда тутмоқда.

“Янгиликлар тўпламидан фойдаланувчилар ўз саҳифасида эълон қиладиган оригинал суратлар, видеолар ҳамда постлар ўрин олади. Шунингдек, йирик тадбирлар, шу жумладан, намойишлар, сайловлар, спорт мусобақаларда қатнашаётган фойдаланувчилар материалларидан ҳам унумли фойдаланилади”, — дейилади компания ахборотида.

FB Newswire ахборот агентлиги facebook’даги саҳифа ёки твиттердаги аккаунт сифатида фаолият юритади. Ғоя муаллифларига кўра, янгиликлар реал вақт режимида янгиланиб борилади. Facebook’нинг ҳисоб-китоб қилишича, ушбу лойиҳада кунига камида бир миллион киши иштирок этади.

Facebook компаниясининг мобиль илова-дастурларидан фойдаланувчилар сони 2014 йил мартида 609 миллион кишини ташкил этди. Компания хабарига кўра, ижтимоий тармоқнинг фаол мобил аудиторияси йилига 43 фоизга кўпайди.

Ҳар ой Facebook’нинг мобил сервисларидан 1,01 миллиард киши фойдаланади – бу ўтган йилги кўрсаткичнинг учдан бирига кўп. Мобил аудитория ҳажми аста-секинлик билан Facebook’нинг жами фойдаланувчилари сони – 1,28 миллиард фойдаланувчига яқинлашмоқда.