Нью-Йоркда ота ўз фарзанди туғилишига доялик қилди

Шошилинч хушхабар!  2014 йил 6 апрель куни Нью-Йоркнинг Бруклин шаҳрида маҳаллий вақт билан 15:15 ларда ватандошимиз Шуҳратжон хонадонида қиз фарзанд дунёга келди.  Қизиғи шундаки, чақалоқ туғруқхонада эмас,  балки ўз хонадонида туғилган.

Ой куни яқинлашган Сожидахон шифохонага кетишга тайёргарлик кўраётган пайтда ўз уйида тўлғоқ тутиб,  аҳволи оғирлашган.  Асл касби ўқитувчилик бўлган,  ҳозирда эса Нью-Йорк шаҳрида ҳайдовчилик қилаётган бўлажак ота – Шуҳратжон вазиятга тўғри баҳо берган ҳолда зудлик билан тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилган.  Тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келгунча дунё юзини кўришга ошиқаётган чақалоқ ўз отасининг ёрдами билан туғилишга улгурган.

Ўзини йўқотмасдан қўлга олган юртдошимиз,  шифокорлик соҳасидан анча йироқ бўлишига қарамай,  ўз қизининг дунёга келишида доялик вазифасини ўтаб қўя қолган.  Бу орада етиб келган шифокорлар она ва янги туғилган чақалоқни шифохонага элтишган.

Бруклиндаги Маймонадез шифохонасига жойлаштирилган она ва қизалоқнинг соғлиғи аъло даражада экани айтилмоқда.  Фурсатдан фойдаланиб,  жамоамиз номидан ушбу оилани янги меҳмон билан табриклаймиз.  Шу билан бирга, қўрқмас ва  мард Шуҳратжондек ота дояларнинг қўли дард кўрмасин,  деб қоламиз.

Дилшод ЗОКИРОВ,
“Ватандош” Ўзбек-Америка жамияти аъзоси