Саудияда махфий хизмат раҳбари Бандар бин Султон лавозимидан озод қилинди

Саудия Арабистони махфий разведка хизмати раҳбари шаҳзода Бандар бин Султон ўз лавозимидан озод қилинган. Бу ҳақда Reuters хабар тарқатди.

Агентликнинг қирол Абдулла фармони асосида хабар қилишича, ушбу лавозимга вақтинча бажарувчи сифатида Юсуф ал-Идрисий тайинланган. Оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, шаҳзода ушбу лавозимдан ўз хоҳишига кўра озод қилинган.

Саудиянинг АҚШдаги собиқ элчиси Бандар 2012 йили ёзида мамлакат разведка хизматига раҳбар этиб тайинланган эди. У Башар Ассадга қарши курашаётган ҳарбий гуруҳларга турли ёрдам кўрсатиш билан шуғулланган. Аммо жорий йилнинг февраль ойида қирол Сурия масаласи билан шуғулланишни мамлакат ички ишлар вазири, шаҳзода Муҳаммад ибн Ноиф ас-Сауд зиммасига юклайди.

Agence France Presse ахборот агентлининг маълум қилишича, Бандарнинг Сурия бўйича олиб борган сиёсати АҚШ томонидан жиддий танқид остига олинган.

Айрим манбаларга кўра, шаҳзода Бандар АҚШнинг Сурия бўйича позициясини жиддий танқид қилиб, у Саудия манфаатларини инобатга олмаётганини қайд этиб келган. Таҳлилчилар Саудиянинг энг махфий органидаги бу ўзгаришни Вашингтон ва ар-Риёд ўртасида муносабатлар илиқлашгани билан изоҳлашмоқда.