Темур тузуклари

…Энди менинг номдор бахтиёр фарзандларим ва мамлакатларни забт этгувчи иқтидорли набираларимга йўл-йўриғим шулки, мен ўн икки нарсани ўзимга шиор қилиб олиб, салтанат мартабасига эришдим. Шу ўн икки нарса ёрдамида мамлакатларни забт этиб, салтанатимни бошқардим ва салтанат тахтига зебу зийнат бердим. Улар ҳам ушбу тузукка амал қилсинлар. Давлату салтанатимни ва ўзларини эҳтиёт қилсинлар.

Биринчиси — давлат ва салтанатимга боғлаган менинг биринчи тузугим — Тангри таолонинг дини ва Муҳаммад мустафонинг шариатига дунёда ривож бердим. Ҳар ерда ва ҳар вақт ислом динини қувватладим.

Иккинчиси шулким, ўн икки табақа ва тоифадаги кишилар билан мамлакатларни забт этдим, уларни идора қилдим. Давлат, салтанат устунларини ўшалар билан қувватлаб, мажлисларимни шулар билан зийнатладим.

Учинчиси шулдирки, маслаҳат, кенгаш, тадбиркорлик, фаоллик ва ҳушёрлик-эҳтиёткорлик билан ғаним қўшинларини енгиб, мамлакатларни ўзимга бўйсундирдим. Салтанатим ишларини муросаю мадора, мурувват ва сабр-тоқат билан юргиздим. Кўп нарсани билиб турсам ҳам ўзимни билмасликка олардим. Дўсту душман билан муросаю мадора қилдим.

Тўртинчиси — давлат ишларини салтанат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда бошқардим. Тўра ва тузукка таяниб, салтанатда ўз мартаба ва мақомимни мустаҳкам сақлаб турдим. Амирлар, вазирлар, сипоҳ, раият ҳар бири ўз лавозим ва мартабасидан мамнун ҳолда хизматимда бўлиб, ундан ортиғига даъвогарлик қила олмади.

Бешинчиси — амирларим ва сипоҳийларимни мартаба ва унвонлар, зару зеварлар билан хушнуд этдим. Базмларда уларга [ўз ёнимдан] ўрин бердим, шунинг учун жангларда жонларини фидо қилдилар. Дирҳам ва динор’ларни улардан дариғ тутмадим.
Уларнинг юмушларини енгиллаштириш учун меҳнату машаққатларини ўзимга юкладим ва тарбият қилдим. Амирлар, сипоҳсолорлар, баҳодирлар билан иттйфоқ бўлиб, уларнинг мардлигу мардонаворлигига таяниб, шамшир зарби билан йигирма етти подшоҳнинг тахтини эгалладим. Эрон, Турон, Рум, Мағриб, Шом, Миср, Ироқи араб ва Ироқи ажам, Мозандарон, Гилонот, Ширвонот, Озарбайжон, Форс, Хуросон, Дашти жете, Дашти Қипчоқ, Хоразм, Кобулистон, Бохтарзамин, Ҳиндистонга подшоҳ бўлиб, ҳукм сурдим.
Салтанат тўнини кийгач, тинчлигу соғлигим кетди, ўз тўшагимда роҳатда ухлаш ҳузур-ҳаловатидан воз кечдим. Ўн икки ёшимдан турли диёрларни кездим, ранжу меҳнат тортдим. Ҳар хил тадбирлар қўллаб [ғаним] фавжларини синдирдим. Амирлар ва сипоҳийларнинг исёнларини кўрдим, улардан аччиқ сўзлар эшитдим. Лекин сабру бардош билан ўзимни эшитмаган-кўрмаганга солиб, уларни тинчитдим. Қилич кўтариб жанг майдонига отилдим ва шу тариқа дунёда ном чиқардим.

Олтинчиси — адолат ва инсоф билан тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм қилиб, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим. [Тўғри] сиёсат ва инсоф билан сипоҳийларим ва раиятни умид ва қўрқинч орасида сақладим. Фуқаро ва қўл остимдагиларга раҳмдиллик қилдим, сипоҳийларга инъомлар улашдим. Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим. Золимлар етказган ашёвий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин, уларни шариатга мувофиқ одамлар ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм ўгказмадим.
Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтариб, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, илтижо билан тавба-тазарру қилиб келгач, ҳурматлаб ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим. Мартабаларини оширдим. Улар билан муомалада шундай йўл тутдимки, агар хотираларида менга нисбатан шубҳаю қўрқув бўлса, бутунлай унут бўларди.

Еттинчиси — саййидлар, уламою машойих, оқилу донолар, муҳаддислар, хабарчилар (тарихчилар)ни танланган, эътиборли одамлар ҳисоблаб, иззату ҳурматларини жойига қўйдим. Шижоатли кишиларни дўст тутардим, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайдилар. Уламо билан суҳбатда бўлдим ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпиндим. Буларнинг ҳимматларидан улуш тиланиб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини илтимос қилдим. Дарвиш, фақир ва мискинларни ўзимга яқин тутдим, уларнинг кўнгилларини оғритмадим ва бирон талабларини рад этмадим. Бузуқи ва оғзи шалоқ ғийбатчи одамларни мажлисимга йўлатмадим, сўзларига амал қилмадим. Бирор кимсага туҳмату ғийбат қилсалар, қулоқ солмадим.

Саккизинчи — азму жазм билан иш тутдим. Бирон ишни қилишга қасд қилган бўлсам, бутун зеҳним, вужудим билан боғланиб, битирмагунимча ундан қўлимни тортмадим. Ҳар неки деган бўлсам унга амал қилдим. Ҳеч кимга ғазаб билан қаттиқ муомала қилмадим ва ҳеч бир ишда танглик қилмадим, токи Тангри таолонинг ғазабига дучор бўлмайин ва ишимни бузиб, ҳолимни танг айламасин деб. Одам Атодан бошлаб Хотам ул- анбиёгача, улардан ҳозирги дамгача ўтган султонларнинг қонунлари ва туриш-турмушларини донолардан сўраб-суриштирдим. Ҳар қайсиларининг йўл-йўриқлари, туриш-турмушлари, қилиш-қилмишлари, айтган гапларини хотирамда сақладим ва яхши ахлоқлари, маъқул сифатларидан намуна олиб, унга амал қилдим. Давлатларининг таназзулга учрашй сабабларини суриштирдим ва давлату салтанат заволига сабаб бўлувчи ишлардан сақландим. Наслни бузувчи, очарчилик ва вабо касали келтирувчи зулм ва бузуқчиликдан сақланишни ўзимга лозим билдим.

Тўққизинчиси — раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим. Ҳар ернинг табиати, ҳар эл ва шаҳарнинг расму одатлари, мизожидан воқиф бўлиб турдим. Ҳар бир ўлка ва шаҳар аҳолисининг ашроф- улуғлари ва бузурглари билан ошна тутиндим. Уларнинг мизожларига, табиатига тўғри келган, ўзлари тилаган одамларини уларга ҳоким қилиб тайинладим. Ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим. Ҳар бир мамлакатнинг аҳволини, сипоҳу раият кайфиятини, туриш-турмушларини, қилиш-қилмишларини, булар ўрталаридаги алоқаларни ёзиб, менга билдириб туриши учун диёнатли, тўғри қаламли кишилардан воқеанавислар (ахборнавис- хабарчилар) белгиладим. Бордию нотўғри нарса ёзганлари менга маълум бўлиб қолса, бундай воқеанависларни жазоладим. Ҳокимлар, сипоҳ ва раиятдан қайси бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим.

Ўнинчидан — турку тожик, арабу ажамнинг турли тоифа ва қабилаларидан бўлган ва менинг паноҳимга кирган кишиларнинг улуғларига ҳурмат кўрсатдим, қолганларини ҳам ўз ҳолига яраша сийладим. Яхшиларига яхшилик қилдим, ёмонларини эса ўз ёмонликларига топширдим. Ким менга дўстлик қилган бўлса, дўстлиги қадрини унутмадим ва унга мурувват, эҳсон, иззату икром кўрсатдим. Кимки менинг хизматимни қилган бўлса, хизмати ҳаққини адо этдим. Кимки менга душманлик қилса-ю, кейин пушаймон бўлиб, илтижо билан ҳимоя истаб, тиз уриб олдимга келса, душманлигини унутиб, мурувват ва дўстлик кўрсатдим. Чунончи, улус амири Шер Баҳром аввал менга ҳамроҳ эди, бошимга [оғир] иш тушганда мени ташлаб кетди ва душманларимга қўшилди, менга қарши қилич кўтарди. Охири берган тузим ҳаққи тизза уриб, яна илтижо қилиб келди. Асл эр-йигит бўлганлиги ва жанг-жадал билан суяги қотган мардлардан эканлиги боисидан ёмон ишларининг барисидан кўз юмдим. Олдимга келгач, ўзини ҳурматлаб, мартабасини оширдим. Уни марду мардоналиги учун кечирдим.

Ўн биринчиси — фарзандлар, қариндошлар, ошна-оғайни, қўшнилар ва мен билан бир вақтлар дўстлик қилган барча одамларни давлату неъмат мартабасига эришганимда унутмадим, [молу мулк ва накд пул билан] ҳақларини адо этдим. Ўз фарзандларим, қавму қариндошларимдан қариндошлик меҳрини узмадим. Улардан нораво иш ўтган бўлса, дарҳол боғлаб, ўлдиришга буюрмадим. Ҳар кимни [туриш-турмушнинг пасту баландларида] турли йўллар билан синаб билиб олдим ва уларга шунга яраша муомала қилдим. Ҳаётнинг кўп иссиқ-совуғини кўриб, улардан сабоқ олиб, тажрибамни оширдим. Шунинг учун дўсту душман билан келишиб яшадим.

Ўн иккинчиси — дўст-душманлигига қарамай, ҳар жойда сипоҳийларни ҳурмат қилдим, чунки улар боқий мато бўлган жонларини фоний дунё моли учун сотадилар. Ўзларини маърака-майдон, ҳалокатга отиб, жонларини қурбон қиладилар. Агар ғаним сипоҳидан бирор одам ўз валинеъматига сидқидилдан хизмат қилиб уруш кунларида менга қарши қилич кўтарган бўлса ҳам, ундай одамга нисбатан лутф-марҳаматлар кўрсатдим. Қошимга [паноҳ истаб] келганда, уни қадрлаб, ишончини қозондим, вафодорлиги ва ҳақиқат билан хизмат қилишига ишондим.

e-tarix.uz