Америкада нега ўзбек тилини ўрганишмоқда?

АҚШ дунёдаги энг кўпмиллатли мамлакатлардан биридир. Бу заминда дунёнинг турли нуқталаридан келган одамларни учратиш ва улар билан суҳбатлашиш мумкин. Худди шу халқларнинг тиллари АҚШ университетларида ҳам фан сифатида ўқитилади ва бу тилларни ўрганишни истаётганлар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Ҳар йили АҚШ Халқаро таълим институтининг Фулбрайт ФЛТА дастури бўйича дунёнинг 50 дан ортиқ давлатларидан ёш инглиз тили ўқитувчилари бу мамлакатга танлов асосида таклиф қилинади ва улар ўзларининг она тилларини АҚШ университетларидаги талабаларга ўргатиш имконига эга бўладилар. Улар тил ўргатиш билан бирга, ўзларининг ўқитиш усул ва услубларини яхшилашади ҳамда ҳақиқий шароитда Америка маданияти ва жамияти ҳақидаги билимларини оширишади. Ўзбекистонлик ёш муаллимлар бундан мустасно эмас, албатта.

Ҳозирги кунда АҚШнинг тўртта олийгоҳида ўзбек тили фан сифатида ўқитилади. Улар Аризона давлат университети, Индиана университети, Мичиган давлат университети ва Остиндаги Техас давлат университетларидир. Тўғри, бу олий ўқув даргоҳларида ўзбек тилини ўрганаётган талабалар сони у даражада кўп эмас, чунки бу тил Ғарб дунёси учун анча нотаниш тиллардан биридир. Лекин, ҳар йили АҚШга келаётган ўзбек ўқитувчиларининг саъй-ҳаракати билан она тилимизга нисбатан қизиқиб қолаётганлар сони секин-аста кўпайиб бормоқда. Бу муаллимлар тилни ўргатиш баробарида, маданият элчилари ҳамдир. Ўзбек халқинининг бой маданиятини ва урф-одатларини АҚШдаги инсонларга тўғри кўрсата олиш уларнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда АҚШ универсетларидаги нафақат талабалар, балки профессор-ўқитувчилар она тилимизни турли хил мақсадларда ўрганиб келишмоқда. Баъзилари шунчаки қизиқиш ортидан бўлишса, бошқалар бу тилни билиш, яқин келажакда шуғулланмоқчи бўлган ишларида керак бўлишини билдиришади. Шу боис, уларнинг айримларига “Ўзбек тилига қандай қизиқиб қолгансиз?”, “ Нима сабабдан бу тилни ўрганишни бошладингиз?” деган саволлар билан мурожаат қилганимда, улардан қуйидаги жавобларни олдим.

John Stinogel

Жон Стиногел,  Аризона давлат университети, Ижтимоий фанлар бўлими, 4-босқич талабаси:

— Икки йил аввал Марказий Осиёдаги бирор давлатнинг номини ҳам билмасдим ва Ўзбекистонни дунё харитасидан кўрсата олмасдим. Лекин ўтган йили рус тили дарсида бир-икки ҳафта давом этган Марказий Осиё ҳақидаги суҳбатдан сўнг бу минтақага нисбатан жуда ҳам қизиқиб қолдим. Ўтган йигирма йил давомида Қозоғистонда яшаб келган америкалик бир инсон бу ҳудуднинг маданияти ҳақида айтиб берганида, мен Марказий Осиё ҳали кўпчилик америкаликлар таниш бўлмаган бой ва қадимий тарихга эга эканлигини англаб етдим. Рус тили устозим асли Қозоғистондан келганлар ва бу курсдаги талабаларнинг деярли ярми қозоғистонлик эди. Ўзбек тилига нисбатан дастлабки қизиқишим эса кунлардан бир куни рус тили дарсига Аризона давлат университетининг Долзарб тиллар институти раҳбари келиб, кейинги семестерда Ўзбек тили курси ўқитилиши ҳақида айтганида бошланган эди. У киши ўзбек тили араб, рус ва форс тиллар элементлари учрайдиган туркий тил эканлигини айтиб ўтдилар. Мен аллақачон араб ва рус тилларини ўрганаётганим сабабли, бу менга анча қизиқарли бўлиб туюлди. Қолаверса, Марказий Осиё ҳар жиҳатдан ривожланаётган бир пайтда Ўзбек тилининг Америкада ўқитилиши жуда ҳам фойдалидир. Полиглот ва ҳаваскор тилшунос сифатида ўзбек тилини ўрганишни бошлаган онимданоқ, бу тил мени янада ўзига мафтун этди, ҳамда мен бундан ниҳоятда хурсанд ва ҳаяжонда эдим.

Brian Greco

Брайан Греко,  Аризона давлат университети, Долзарб тиллар институти томонидан 2012 ва 2013 йилларда ташкил этилган ўзбек тили ёзги интенсив курслар қатнашчиси:

— Ўзбек тилига илк марта қизиқиб қолишимда тилшуносликнинг мени ўзига жалб этгани, туркий тиллар оиласининг дунё тиллари орасида ўзига хос граматикага эга эканлиги, ўзбек тилида лотин алифбосининг фойдаланилиши ва унда унли товушлар уйғунлигининг кам учраши кабилар сабаб бўлган. Аризона давлат университети, Долзарб тиллар институти томонидан ҳар йили ташкил этиладиган ёзги тиллар курслари ҳақида билганимда, ўзбек тили сари саёҳатимни бошлашим кераклигини ҳис этдим.

Мен тилларнинг бу яширин жавоҳирини кашф қилганимдан ниҳоятда хурсандман ва бу тил ҳақидаги бор тушунча ва билимимни янада кенгайтиришни давом эттириш умидидаман.

Ўзбек тилини ўрганишни бошлаганимда, ўқиш жараёнини ҳар хил манбалар билан бойитишни ва бу манбаларни ўзбек тилига қизиқиб қолаётганлар билан бўлишишни истардим. Мен ўзимнинг Интернетда “Ўзбек Брайан” деб номланган шахсий тажрибам, керакли ўқув материаллари ва умуман, ўзбек тили ва маданиятига алоқадор барча маълумотлар жам бўлган блогимни яратдим. Энг эътиборли жиҳати, бу блогимдан дунёнинг турли нуқталаридан бўлган фойдаланувчиларнинг жавобларини олганимда ҳайратда қолганман.

Менинг мақсадим нафақат ўзбек тилида ўқув материалларини тўплаб етказиш, балки кам ўрганилган ва инсонларнинг кўпроқ эътиборига сазовор бўлиши лозим бўлган ўзбек ва бошқа туркий тилларга нисбатан инсонларнинг қарашларинини яхшилаш ҳамдир”.

Graham Vickowski

Граҳам Виcковски, Шимолий Аризона университети, Халқаро вазиятлар бўлими битирувчиси:

— Ўзбек тилини шунчаки қизиқарли тил бўлиб кўрингани ва фан сифатида ўқув жадвалимга мос тушгани сабабли ўрганишни бошлаганман. Қолаверса, мен Марказий Осиё тиллари , у ердаги сиёсий вазият ҳамда Ўзбек диаспорасининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудлардаги таъсири ҳақида жуда ҳам қизиқиб келаман.

IMG_2278 (2)

Профессор Виктор Агажаниан,  Аризона давлат университети, Жамиятшунослик фанлари профессори:

— Мен Аризона давлат университетида Жамиятшунослик фанлари профессориман ва менинг тадқиқотим Марказий Осиё ҳудудига қаратилган. Менинг она тилим аслида рус тили бўлса-да, тадқиқот олиб боришимда, у ерлардаги маҳаллий тилларни билишим керак, деб ҳисоблайман. Ўзбек тилини танлашим эса шунчаки тасодифий эди. Аризона давлат университетидаги Меликиан марказига Фулбрайт дастури бўйича таклиф қилинган Ўзбекистонлик муаллима менинг илк ўзбек тили ўқитувчим бўлди. Ўзбек тилини ўрганишдан олдин икки нарсани, яъни бу тил қанчалик бой ва мукаммал эканлигини ва мен ўзбек тилини бу қадар севиб қолишимни ҳеч ҳам тасаввур қила олмас эдим. Ҳозирда мен ўзбек тилини учинчи йил ўрганишни давом эттирмоқдаман. Бу анча меҳнатни талаб қилса-да, жуда мароқлидир. Мен бу тилни ўрганиш орқали ўзбек халқи, маданияти, урф-одатлари ва ҳаёт тарзи ҳақида кўп нарсаларни билиб олдим. Ўзбек тили форс, араб ва рус тиллари таъсир қилган ранг-баранг ва ўзига хос хусусиятларга эга бўлган туркий тилдир. Бундай уйғунлик мени чиндада ҳайратда қолдиради. Менинг ўзбек тилини билиш даражам ҳали аъло бўлмаса-да, уни яхшилашга қарорим қатъийдир. Шу йил ёзда Ўзбекитонга илк маротаба сафар қилиш умидидаман. Агарда мен Фулбрайт ФЛТАлар Нигина Раззакова, Наргиза Воҳидова ва Вазира Забиева каби уч ажойиб ўқитувчилардан сабоқ олмаганимда, менинг Ўзбек тилини ўрганишдаги барча уринишларим бекорга сарфланган бўларди.

Шундай қилиб, она тилимиз ўзбек тили АҚШда ўрганилаётган хорижий тиллардан бири эканлиги жуда ҳам қувонарлидир. Келажакда у нафақат юқорида санаб ўтилган тўртта университетда, балки АҚШдаги бошқа кўплаб олийгоҳларда чет тили сифатида ўқитилади, деб умид қиламан.

Вазира ЗАБИЕВА,

Аризона давлат университети, Меликиан маркази, Фулбрайт ФЛТА қатнашчиси.