Бошга ўлим тушганда…

27 апрель куни 1973 йилда туғилган ватандошимиз Икромова Барно Пенсильвания штати Филаделфия шаҳрида оламдан ўтди.  Унинг саратон касали билан оғригани, “грин карта” ютиб олганидан сўнг ҳамма қатори АҚШга кўчиб келгани маълум.  Афсуски, тақдири азал ҳукми кучга кириб,  бу ерга келганидан уч ой ўтар-ўтмас,  ҳамюртимизнинг касали касали зўрайиб оламни тарк этди. . .

Пенсильвания ва Нью-Йоркдаги ватандошларимиз номидан Икромова Барнонинг яқинларига,  оила аъзоларига ўз таъзиямизни изҳор қиламиз.

АҚШга келганига ҳали кўп бўлмаган оила учун бу йўқотиш оғир мусибат бўлди.  Марҳумани Ўзбекистонга жўнатиш харажатларини қоплаш учун бу ердаги кўплаб ватандошларимиз ҳамда саховатпеша бошқа миллат вакиллари беминнат ёрдам қўлини чўзди.

Пенсильвания ва Нью-Йоркдаги ўзбеклар жамиятининг бир қанча вакилларига  алоҳида миннатдорлик билдирамиз.  Шунингдек,  Филаделфияда истиқомат қилувчи месхети турклари жамияти катта ёрдам қилди.  Майитни самолётда жўнатиш харажатларини арзонлаштириб беришда Нью-Йоркдаги Ўзбекистон консуллиги ҳам кўмак кўрсатди.

Икромова Барно
Икромова Барно

Марҳуманинг турмуш ўроғи Икромов Саидакбар Ўзбекистонга жўнаш олдидан уларга ёрдам қўлини чўзган барча инсонларга ўз миннатдорлигини етказиб қўйишни сўради.

Ушбу воқеа сабаб бўлиб,  мен ҳам дилимдаги айрим гапларимни ватандошларимга айтиш ниятида эдим.

Ўлим ҳар кимнинг бошига келадиган бир тақдир.  Ҳар йили АҚШдан камида 10-15 та ватандошимизнинг майитини Ўзбекистонга жўнатишимизга тўғри келяпти.

Бу мусибат исталган пайтда,  исталган ерда ҳар биримизга рўбарў бўлиши мумкин.  Бундай оғир йўқотиш пайтида,  айниқса,  ҳали ўзини молиявий жиҳатдан тиклаб олмаган қўли калта ватандошларимизга,  оз бўлса ҳам,  ўз ёрдамимизни аямаслигимиз керак.  Агар марҳум ва марҳумаларни ўз вақтида Ўзбекистонга жўнатиш имкониятини қилиб бера олмасак,  уларнинг она ватанлари тупроғига қўйилиш ҳақидаги сўнгги васиятлари оғир армон бўлиб қолади.

Тўйда ҳам,  азада ҳам бир-бирини асло ёлғизлатиб қўймайдиган бир халқмиз биз.  Тўй олдиндан режалангани учун бундай маракага хонадон аҳли аввалдан тайёргарлик кўради.  Аммо ўлим кутилмаган келади ва ёшу қарига,  бой-y камбағал бошига ҳам тушиши мумкин.  Шунинг учун,  айниқса,  ўлим юз берган ҳолатларда ватандошларимиз кўпроқ ёрдамга муҳтож бўлади.

Худога шукрки,  ҳозир Нью-Йорк,  Пенсильвания,  Нью-Жерси ва Иллинойс каби штатларда ўзбек жамиятлари ва ташкилотлари сони кўпаймоқда.  Улар ҳар тарафлама ватандошларимизга ёрдам кўрсатиш йўлида хайрли хизмат қилиб келмоқда.  Аммо бу хайрли ишларнинг давом этиши,  аввало,  ўзимизга боғлиқ.  Жамиятимиз фаолларининг ёрдамга муҳтож ватандошларимизга кўмак кўрсатиш ҳақидаги чақириқларига лаббай деб жавоб қайтарайлик.  Чунки ҳар қандай инсон ҳаётининг қайсидир босқичида бошқа бир инсоннинг ёрдамига муҳтож бўлади.

Бир-биримизга беэътибор бўлмайлик.

Мақсуд ТОЖИБОЕВ,

Пенсильвания штати,  Филаделфия шаҳри