Хитой Ўзбекистон орқали Германияга темирйўл қуриш ҳақида бош қотирмоқда

Хитой мутахассислари янги глобал темирйўл линияси устида бош қотирмоқда. Kun’нинг The Guardianга асосланиб ёзишича, улар “Хитой – Россия – Канада – АҚШ” тезюрар темирйўлини қуриш имкониятларини кўриб чиқишмоқда.

Ҳозирча мазкур лойиҳа бўйича темирйўл Хитойнинг шимоли-шарқида бошланиб, Сибирь орқали ўтади, Тинч океанини ерости туннели орқали Канадага чиқади ва у ердан АҚШга етиб боради.

Хитой муҳандислик академиясининг темирйўл бўйича эксперти Ван Мэншунинг сўзларига кўра, Россия ва Аляска орасидаги Беринг бўғозини кечиб ўтиш учун узунлиги 200 километр бўлган ерости туннелини қуриш керак бўлади.

Лойиҳа бўйича тезюрар поезд 13 минг километр йўл босади – бу Транс-Сибирь темирйўлидан 3 минг километрга узун, дегани. Поезд соатига 350 километр тезлик билан ҳаракатланса, Хитойдан АҚШга икки кунда етиб олиш мумкин бўлади.

Beijing Times газетасининг қайд этишича, Хитой ҳукумати айни вақтда яна учта темирйўл тармоқларини ривожлантирмоқда. Ушбу тармоқлардан бири Лондондан бошланиб, Париж, Берлин, Варшава, Киев орқали Москвага келиб, бу ердан иккига бўлинади ва бир «шохи» Қозоғистон орқали, яна бири эса шарқий Сибирь орқали Хитойга кириб боради.

Иккинчи халқаро тармоқ Хитой ғарбидаги Урумчи шаҳридан бошланиб, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон ва Туркия орқали Германияга етиб боради. Куньминдан бошланадиган учинчи халқаро тармоқ охири эса Сингапур бўлади. Нашрнинг ёзишича, ушбу йўналишлар лойиҳаси устидаги ишлар ҳозирги вақтда турли босқичларда давом этмоқда.

Хитой Ўзбекистон шарқидаги Фарғона водийсини мамлакатнинг қолган қисми билан боғлайдиган ва Қамчиқ довонидан ўтадиган «Ангрен – Поп» темирйўлидаги туннель қуриш бўйича 455 миллион долларлик шартнома имзолаган.