Виталий Денисов: “Мени ўзбек дейишса ҳеч кимдан хафа бўлмаганман”

Ўзбекистон терма жамоаси ва “Локомотив” клуби ҳимоячиси Виталий Денисов россиялик журналистлар билан суҳбатда Тошкентда туғилганлигини ҳамда мамлакатда ўзбеклар русларни камситмаслигини алоҳида қайд этди.

“Йўқ, бундай эмас. Келинг, бу мавзуни дарҳол ёпайлик. Ўзбекистонда бунақа ҳолат йўқ, ҳеч қачон бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Сизга ким бу гапларни айтган бўлса, юзига туфуринг”, — дея иқтибос келтиради uff.uz сайти мазкур суҳбатдан.

Футболчи Ўзбекистон милицияси ҳамда мухлислар ҳақида ҳам фикр билдириб ўтди.

“Бизда шунчаки фан-клублар Россия ва Украинада бўлганидек эмас. Гуруҳвозлик, фирмалар йўқ. Шахсан ўзим милиция билан ҳеч қачон тўқнаш келмаганман. Аммо Ўзбекистон милицияси ҳам худди ҳамма жойда бўлганидек ўрни келганда қаттиққўл, ўрни келганда эса одамларни тушунади, деб ўйлайман”, — дейди у.

Футболчининг айтишича, “Академик”да ўйнаб юрганидаёқ уни “ўзбек” деб атай бошлашган. “ЦСКАда эса тўлиқ шундай атай бошладилар. Бунинг учун ҳеч кимдан хафа бўлмаганман, бунга хотиржам муносабатда бўламан”, — дейди Денисов.

Виталий Денисов ўн йил қаторасига иссиқ шароитда ўйнаб, кўникиб кетганини айтади. “Умуман, бошқа танлов бормиди ўзи? Ёзда иссиқ 40 даражага қадар кўтарилиб кетарди, баъзи жойларда эса 50 га ҳам етарди. Биз эса ўйнардик, баъзан тўхтаб, сув ичиб олардик. Мен шунинг ичида ўсганман, ҳар доим кўчада вақтимни ўтказар эди. Тўғри, икки мартача иссиқ урган, аммо бу одатий ҳолат. Баъзи болалар иссиқдан ҳушидан кетиб қолган ҳолатлар ҳам бўлган”, — дейди футболчи.