Ўзбекистонда парламент сайловларига тайёргарлик расман эълон қилинди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ жорий йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига умумхалқ сайловлари бўлиб ўтиши қайд этилган. Шу ҳисобда вакиллик органларига сайловлар шу йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтади.

ЎзА хабарига кўра, мажлисда 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури кўриб чиқилди.

Дастурда сайлов компаниясининг барча босқичларида шаффофлик, ошкоралик, очиқликни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар, тайёргарлик кўриш ва сайлов жараёнини ташкил қилиш ишларини қонунчиликка мувофиқ тарзда амалга ошириш назарда тутилган.

Дастур сайлов қонунчилиги қоидаларини сайловчиларга кенг тушунтириш бўйича ахборот-таҳлил ишларини самарали ташкил этиш учун шарт-шароитларни таъминлаш, миллий сайлов тизимини янада демократлаштиришнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, сайловчиларнинг бўлажак сайловга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнидан хабардорлигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича халқаро, республика ва минтақавий тадбирлар ўтказишни назарда тутади.

Хабарда айтилишча, сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга ўз сайловолди дастурларининг қоидаларини, мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича ана шу дастурларда ўз ифодасини топган позицияларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда парламент сайловлари тўлиқ эълон қилинганидан сўнг 90 кун ўтиб президент сайловлари ўтказилади.

Сайловларда тўртта сиёсий партия ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан депутатлар сайланади. Парламент қуйи палатаси 150 нафар депутатдан, юқори палатаси эса 100 нафар сенатордан таркиб топади.