Россиялик гимнастикачи Ўзбекистон номидан мусобақаларда қатнашади

Бадиий гимнастика бўйича уч карра Россия чемпиони Елизавета Назаренко Ўзбекистон терма жамоаси номидан халқаро мусобақаларда қатнашадиган бўлди. Бу ҳақда Халқаро гимнастика федерацияси сайтига асосланиб, “Совесткий спорт” газетаси хабар тарқатди.

Унда қайд этилишича, ушбу жараён Халқаро гимнастика федерацияси томонидан маъқулланган.

Хабарда айтилишича, Елизавета Назаренко уч карра Россия чемпиони бўлиши билан бир қаторда уч карра Жаҳон кубоги ва Жаҳон ўйинлари соҳиби ҳисобланади.

Лиза Мурманскда таваллуд топган бўлиб, спорт мутахассислари унинг истиқболли спортчи қизлардан эканини таъкидлашади.