АҚШ Сурия мухолифатига “хорижий миссия” мақомини берди

АҚШ Сурия мухолифатига ўз ҳудудида “хорижий миссия” мақомини бермоқда. The Guardian нашрининг ёзишича, АҚШ давлат департаменти Сурия мухолифати коалициясининг Нью-Йорк ва Вашингтондаги офисларига янги, квази-дипломатия мақом берди. Бу мақом мухолифатнинг қонунийлигини кенгайтиришга хизмат қилади.

АҚШ расмийсининг қайд этишича, бу Суриядаги мухолиф кучларни модернизация қилишга қаратилган қатор ташаббуслардан бири бўлиб, улар орасида 27 миллион доллар миқдорида ноҳарбий ёрдам кўрсатиш ҳам бор. Буларнинг қўшиб ҳисоблаганда Американинг Сурия мухолифатига кўмак миқдори 278 миллион долларга етди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, охирги пайтларда АҚШ Озод Сурия Армияси (мухолифатнинг қуролланган тўдаси)ни очиқчасига қўллаб-қувватламоқда.

Газетанинг ёзишича, Сурия мухолифатининг АҚШдаги расмийлари дипломатик мақомга эга бўлишмайди, айни пайтда Америкада консулхона ёки элчихона очиш масаласи ҳам муҳокама қилинмаяпти. АҚШ расмийларига кўра, Сурия мухолифати Оқ уйдан махсус “хорижий миссия” мақомини талаб қилган. Давлат департаменти вакилларига кўра, ушбу мақом Сурия мухолифатига “банк ва хавфсизлик хизматлари”ни мувофиқлаштириш имконини беради.

Сўнгги маълумотларга кўра, 2011 йилнинг март ойидан бери Сурияда 150 минг нафардан ортиқ киши вафот этди.

Сурия мухолифати раҳбари Аҳмад Жарбанинг қайд этишича, у расмий Вашингтон билан шу ҳафта олиб борадиган мулоқоти чоғида бой бераётган ҳарбий можароларда вазиятни ўнглаш учун қурол-яроғ олишда Оқ уйни кўндиришга ҳаракат қилади. Тасдиқланмаган манбаларга кўра, Марказий разведка бошқармаси аллақачон мухолифатни чекланган миқдорда қурол-яроғ билан таъминламоқда, тегишли ҳарбий маслаҳатлар бермоқда.