Владимир Путин Ислом Каримовни Ғалабанинг 69 йиллиги билан қутлади

    Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовни Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 69 йиллиги муносабати билан табриклади. Табрик матни мамлакатнинг расмий нашрларида эълон қилинган.

    “Халқларимиз фашизмга қарши елкама-елка қаҳрамонона жанг қилган ва беҳисоб қурбонликлар эвазига ўзларининг ҳаётини, эркинлигини ва муносиб келажагини ҳимоя қилган. Биз миллионлаб қурбонлар хотирасига таъзим қиламиз ва мислсиз жанглардан омон чиқиб, бизни тинчликни асраб-авайлашга, қадрига етишга даъват этган ота-боболаримизнинг жасоратига ҳамиша юксак эҳтиром кўрсатамиз”, — дейилади табрикда.

    Путиннинг қайд этишича, буюк Ғалаба ёди бугун ҳам мамлакатларимиз халқларини бирлаштирмоқда. “Биз бу йил 10 йиллигини нишонлайдиган Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома бунинг ёрқин тасдиғидир. Ишончим комилки, Россия ва Ўзбекистон алоқаларининг янада мустаҳкамланиши Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилади”, деди Путин.

    Владимир Путин Ўзбекистонда яшаётган Улуғ Ватан уруши фахрийларига ўз миннатдорлиги ва самимий табрикларини, бутун Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилаган.