Ўзбекистонда “Тижорат сири тўғрисида”ги қонун қабул қилинди

Ўзбекистон Респуубликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси “Тижорат сири тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Парламент қуйи палатаси ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг махфий ахборотга, шу жумладан, ҳимояланиши шарт бўлган тижорат сирига тааллуқли маълумотлар рўйхати тасдиқланган қарорларига мувофиқ тайёрланди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик кодекси қоидаларига асосланади ва тижорат сирининг ҳуқуқий мақомини белгилайди. Қонун лойиҳасида асосий тушунчалар, тижорат сирига нисбатан талаблар, тижорат сирини ташкил этмайдиган маълумотлар, тижорат сири мулкдорининг ҳуқуқлари, уни ҳимоя қилиш чоралари, бошқа ҳуқуқий нормалар ўз аксини топган.

Депутат, ЎзЛиДеП вакили Нуриддин Муродовнинг айтишича, тижорат сири муайян бир талаб ва тартиб асосида айрибошланиши мумкин бўлган маҳфий ахборотга тенг ахборот ёки товар ҳисобланади. Бунда тижорат сирига нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ваколатига эга бўлган шахс, яъни тижорат сири эгаси саналади. Демак, тижорат сирининг эгаси тижорат сирига бўлган ҳуқуқ эгаси — мулкдори ҳисобланади.

Конфидент эса фақат шартнома асосида фойдаланиш ҳуқуқига эга шахс, холос. Ҳар қандай мулк эса ўз шаклидан қатъий назар, дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги, мулкдор ўз мулкига хоҳлаганидек эгалик қилиши, фойдаланиши ва уни тасарруф этиши билан боғлиқ нормалар асосий қонунларимизда белгилаб қўйилган.

Тижорат сири мулкдорнинг ҳуқуқлари унинг томонидан тижорат режими белгиланган пайтдан бошланади, албатта. Яъни, мулкдор шартномага мувофиқ тижорат сири режимини ёзма шаклда белгилаш, ўзгартириш ва тугатиш, тижорат сиридан шахсий эҳтиёжлари учун фойдаланиш, унинг маҳфийлигини ҳимоя қилиш, тижорат сири билан эркин танишиш ҳуқуқи берилган шахслардан, тижорат сири тақдим этилган давлат органларидан унинг маҳфийлигини сақлашга оид мажбуриятларга тўла риоя этишларини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир. ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш давомида тегишли тижорат ёки хизмат сири, уларнинг қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлари, шунингдек, ошкор этилмаган ахборотлари сир сақланишини таъминлашлари шарт.

Шунингдек, учинчи шахслар томонидан тижорат сири ошкор этилган ёки ноқонуний фойдаланилган ҳолларда мулкдорлар қонунда белгиланган тартибда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жумладан, етказилган зарарни қоплашни талаб этишга ҳақлидирлар. Айни пайтда тижорат сирининг ҳуқуқий эгаси белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланиш, тижорат сирини ҳуқуқий ворисга ўтказиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Депутат, ЎзХДП вакили Дилбар Холиқова фикрича, тижорат сири тижорат фаолияти билан шуғулланувчи ҳар қандай корхонанинг турли фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молиявий-иқтисодий амалиётлардаги ахборотлар сир сақланишига бўл­ган ҳуқуқидир. Яъни, хўжалик юритувчи субъектларнинг фао­лиятида тижорат сирини ташкил қилувчи ахборотлар бошқа моддий ва интеллектуал активлар сингари салмоқли ўрин эгаллайди. Бир сўз билан айтганда, тижорат сири моддий қий­матга эга. Шундай экан, бундай ахборот эгаси уни ўз хоҳишига кўра ҳимоя қилишга, фойдаланишга бериш тартибини белгилашга ҳақли.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасида тижорат сирини мувофиқлаштирувчи талабларни белгилашда меҳнат жамоалари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси, албатта, эътиборга олиниши лозим. Тижорат сирини белгилаш, уни ҳимоя қилиш ёки фойдаланишга бериш тартиб-таомиллари ягона қонуний мезонлар доирасида бўлиши лозим. Яъни, бу ўринда айнан қандай ахборот тижорат сири эканига доир мезонларни, тижорат сирини корхона фаолиятига зарар етказмаган ҳолда ахборотдан фойдаланувчилар, давлатнинг ваколатли органларига ошкор этиш, айни вақтда ҳимоя қилиш тартиб-таомилларини белгилаш долзарб масаладир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун белгиланган тартибда Сенат томонидан маъқулланиши ҳамда Президент томонидан имзоланиб, расмий нашрларда эълон қилиниши керак.