Афғонистон президентлигига номзод Абдулла Абдулла овозларни санаш жараёнини тўхтатишни талаб қилди

Афғонистон президентлигига номзод Абдулла Абдулла Мустақил сайлов комиссияси ходимларидан шу йилнинг 14 июнь куни бўлиб ўтган сайлов натижалари бўйича овозларни санашни тўхтатишни талаб қилди. Мамлакат раҳбарлигига номзоднинг Кобулда оммавий ахборот воситаларига хабар қилишича, у Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликни тўхтатди ҳамда амалдаги президент Ҳамид Карзайнинг санаш жараёнига яширин таъсири туфайли ўз кузатувчиларини чақириб олди.

Бундан аввалроқ, Абдулла Абдулла ўз рақиби Ашраф Ғани Аҳмадзойни оммавий равишда овозларни қалбакилаштирганликда айблаган эди. Унинг иддоа қилишича, сайлов жараёнида 2 миллиондан ортиқ овоз қалбакилаштирилган. Унинг мазкур мурожаатидан сўнг Ашраф Ғани тарафдорлари Абдулла Абдуллани кескин танқид қилишди. Шундан сўнг у айрим сўзлари журналистлар томонидан бузиб кўрсатилганини қайд этди.

Ашраф Ғани Аҳмадзой тарафдорлари, ўз навбатида, ўз рақибининг хатти-ҳаракатларини қоралаб, уни жамоатчилик фикрини ҳурмат қилмаётганликда айблашди. У президентликка номзод Абдулла Абдулла йўлидан юрмасликка ва Афғонистон сайлов қонунчилигига буйсунишини маълум қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистон сайловлари бўйича миссияси эса Абдулла Абдулланинг баёнотини хавотир билан қарши олди. Миссия вакилларига кўра, мамлакат сайлов қонунчилигига буйсунмаслик ҳақида жамоатчиликка очиқ баёнот бериш оммавий тартибсизликларга сабаб бўлиши мумкин.

Абдулла Абулла тажрибали номзодлардан бири бўлиб, у сиёсатга 1980-йилларда кириб келган. У шимолий альянс раҳбари Аҳмад Шоҳ Масъудга маслаҳатчи бўлган. Айтишларича, унинг ўзбек ва тожик афғонистонлик сайловчилар орасида кўп овоз олишида бу муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, номзодлар орасида тўлиқ ишлаб чиқилган сайловолди дастури айнан унда мавжуд. Ушбу дастурларга кўра, сиёсий ўзгаришлар кўзда тутилган. Чунончи, губернаторларнинг тўғридан-тўғри сайловини жорий қилиш, Афғонистон парламенти юқори палатаси — оқсоқоллар кенгашини ислоҳ қилиш кўзда тутилмоқда. Абдулла Абдулланинг отаси пуштун эканини инобатга оладиган бўлсак, пуштун сайловчилар ҳам унга ўз овозларини бериши эҳтимоли жуда катта. Аммо унинг энг нозик тарафи шундаки, нуфузли пуштун кланлари Абдулла Абдуллани тан олишмайди. Шунинг учун ҳам унинг ҳокимиятга келиши мамлакатда кланлар, ҳудудлар ва миллатлар ўртасида манфаатлар мувозанатини таъминлаш, сиёсатчиларни тийиб туришда катта таъсирга эга бўлмайди.

Ашраф Ғанининг асосий устунлиги шундаки, у нафақат пуштун сайловчиларига ёқиши мумкин, балки Ғарб билан мулоқот ва музокара олиб боришда катта тажрибага эга, шунингдек, иқтисодий менежмент кўникмалари бўлган номзод ҳисобланади. Айниқса, Ғарб Афғонистонга кўрсатиладиган молиявий кўмак миқдорини камайтириши хусусида бонг уриб турганда, унинг хизматига катта эҳтиёж туғилади.

Эслатиб ўтамиз, сайловнинг биринчи турида Абдулла Абдулла 45 фоиз, Ашраф Ғани эса 31,6 овоз олганди.