Абдулла Гул Туркия президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этмайди

Туркия президенти Абдулла Гул яқинда бўлиб ўтажак президентлик сайловларида ўз номзодини илгари сурмаслигини маълум қилди. “28 август куни менинг ваколатим тугайди. Мен ўз номзодимни илгари сурмайман. Биз ушбу масалани бош вазир билан 30 мартдаги ҳудудий сайловлардан  олдин муҳокама қилган эдик”, деди Абдулла Гул.

Туркияда президентлик сайловлари шу йилнинг 10 август куни бўлиб ўтади. Унда иштирок этадиган дастлабки икки нафар номзоднинг номи маълум. Хусусан, мухолифатдаги Миллий-республика партияси ва Миллий ҳаракат партияси ягона номзодни — Ислом конференцияси ташкилотининг собиқ раҳбари Экмеледдин Иҳсонўғли номзодини илгари суришган бўлса, курдларнинг Демократик партиясидан Салоҳиддин Демиртош ҳам президентлик сайловларида иштирок этишини маълум қилди.

Адолат ва тараққиёт партияси ҳали ўз номзодини илгари сурмаётган бўлса-да, ушбу партиядан Таййиб Эрдоған номзоди илгари сурилиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, у 1 июль куни бу борада ўз қарорини сайловчиларга маълум қилади.

Қонунчиликка кўра, сайловнинг биринчи турида номзодлардан биронтаси ҳам 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаса, иккинчи тур сайловлари 24 август куни бўлиб ўтади. Таҳлилчилар фикрича, иккинчи тур бўлиб ўтиши эҳтимоли жуда катта. Яна шуни қайд этиш керакки, Туркия тарихида илк марта президентни тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан халқ сайламоқда. Шу пайтга қадар мамлакат президентини парламент сайлар эди.

Эслатиб ўтамиз, Таййиб Эрдоған мамлакат конституциясига биноан, кейинги сайловларда бош вазирликка даъвогарлик қила олмайди.