Жон Керри: “Ироқда бўлаётган воқеаларга АҚШ жавобгар эмас”

АҚШ давлат котиби Жон Керри 23 июнь душанба куни кутилмаганда Ироқ пойтахтига келди. Хабарларда айтилишича, ушбу ташриф доирасида АҚШ давлат котиби Ироқ ҳукумати раҳбари Нури ал-Маликий, шунингдек, мамлакатнинг бошқа сиёсий ҳамда этник раҳбарлари билан учрашади.

АҚШ Давлат департаменти тарқатган хабарда айтилишича, Керри Вашингтон томонидан Ироққа терроризм таҳдидига қарши курашиш ҳамда Ироқ раҳбариятини барча ироқликлар манфаатини акс эттирган ҳукумат шакллантиришни жадаллаштириш мақсадида ёрдам кўрсатиш бўйича мулоқотлар олиб боради.

Якшанба куни Мисрда ташриф билан бўлган Жон Керри Ироқ муаммосига тўхталиб, Ироқ халқи мамлакатдаги барча жамоалар манфаатини илгари сурадиган ҳамда диний экстремистларга қарши кураша оладиган ҳукуматга эга бўлиши кераклигини айтди. “Аммо биз кимнидир тайинламоқчи, илгари сурмоқчи ёки боғлаб қўймоқчи эмасмиз, бу ироқликларнинг узвий ҳуқуқидир”, — деди у Мисрда.

АҚШ давлат котиби Ироқ ва Ливиядаги ҳозирги бетартибсизликлар учун Вашингтон жавобгар эмаслигини қайд этиб ўтди. “Ливияда бўлиб ўтган ва Ироқда бўлаётган воқеалар учун АҚШ жавобгар эмас”, деди у.