“Ироқ ва Левант ислом давлати” янги халифалик тузилганини эълон қилди

“Ироқ ва Левант ислом давлати” террорчилик гуруҳи жангарилари Ироқ ва Суриянинг улар томонидан назорат қилинаётган айрим ҳудудлари қўшилгани ҳамда у ерда ягона халифалик ташкил этилганини маълум қилишди. Шу билан бирга, мазкур террорчилик ташкилоти раҳбарияти ўз ташкилоти номи ўзгарганини ҳам эълон қилишди. Унга кўра, эндиликда мазкур ташкилот ва улар босиб олган ҳудудлар “Ислом давлати” деб аталади.

“КоммерсантЪ”нинг ёзишича, янги халифалик ҳудудида шариат қонунлари амал қилиб, у Сурия шимолидаги Алепподан Ироқ шарқидаги Диёл ҳудудларини қамраб олади. Янги халифа этиб Ироқ ва Левант ислом давлати ташкилоти етакчиси Абу Бакр Ал-Бағдодий тайинланган. Кузатувчилар фикрича, жангарилар ўз номини ўзгартириши бежизга эмас. Диний радикал гуруҳ ўз мақсадларига эришиш учун Ироқ ва Сурия ҳудуди билан чекланиб қолмоқчи эмас, улар ўз фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилиб олган.

Ҳукумат кучлари ҳамда жангарилар ўртасидаги тўқнашувлар ҳали ҳам давом этмоқда. Шундай бўлса-да, Ироқ армияси қўлдан берилган ҳудудларни тўлиқ ўз назоратига ололмаяпти.

Эслатиб ўтиш жоизки, июнь ойи бошидан Ироқдаги вазият кескин ёмонлашди. Бунга мамлакат шимоли-ғарбий вилоятларига бостириб кирган Ироқ ва Левант ислом давлати диний жангариларининг ҳаракатлари сабаб бўлди. Жангарилар Мосул, Тикрит шаҳарларини, шунингдек, Салоҳиддин ва Киркук вилоятиларидаги қатор аҳоли пунктларини эгаллаб олган, Бағдодга юриш қилишни режалаштиришмоқда.