Ўзбекистон Болтиқ денгизида ўз логистика марказини барпо этади

Ўзбекистон компаниялари Болтиқ денгизининг Лиепая портида бир кунда 1,5 минг тонна юк сақлаш имкониятига эга бўлган транспорт-логистика марказини очади. Ушбу марказ орқали янги мева-сабзавот маҳсулотлари тўғридан-тўғри Шимолий ва Ғарбий Европа мамлакатларига етказиб берилади.

“Подробно” ахборот агентлигининг ёзишича, Ўзбекистон ҳозирда умумий қиймати қарийб 5 миллиард доллар бўлган озиқ-овқат, биринчи навбатда, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Сўнгги уч йилда экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 3 баробардан зиёд ошди.

Мамлакат дунёнинг 80 та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилмоқда. Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда шундай маҳсулотларни етказиб берадиган ўнта етакчи давлат қаторига киради.

Маълумки, яқинда Латвия президенти Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлди.

Латвия президенти Афғонистондаги ҳарбий кучлар таъминоти билан шуғулланган Шимолий таъминот тармоғидан истиқболда тижорат мақсадларида фойдаланиш, уни Осиё ва Европани боғлайдиган тармоққа айлантириш мақсади борлигини маълум қилди. У, шунингдек, “Болтиқ Транзит” контейнер поездларини кенгайтириш имкониятини кўриб чиқишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Айни пайтда Латвия Ўзбекистон учун устуворлик берган ҳолда ўз портлари ва иқтисодий зоналаридан фойдаланишни таклиф қилишга тайёрлиги ҳам айтиб ўтилди.