Дунёда миллионер оилалар сони 16,7 миллионтага етди

Дунёда бир миллион доллардан ортиқ капиталга эга бўлган оилалар сони 16,7 миллионтага етди. The Boston Consulting Group тадқиқотида айтилишича, 2012 йилда бу кўрсаткич 13,7 миллион атрофида эди.

Хабарларда айтилишича, миллион долларлик маблағга эга бўлган оилаларнинг дунё аҳолиси сонидаги улуши 1,1 фоизни ташкил қилади. Миллионерларнинг аксарияти АҚШда (7,1 миллион), Хитойда (2,4 миллион), Японияда (1,2 миллион) истиқомат қилади. Миллионерлар сони АҚШда 1,1 миллионтага кўпайган бўлса, Хитойда 0,9 миллион оилага ортган. Японияда миллионерлар сони эса 1,5 миллион нафарга камайган. Экспертларнинг айтишича, бу иенанинг долларга нисбатан қадрсизланиши сабабли юзага келган.

Миллионер оилалар ўнталигида Буюк Британия (513 минг), Швейцария (435 минг), Германия (386 минг), Канада (384 минг), Тайвань (329 минг), Италия (281 минг) ҳамда Франция (274 минг) кирган.

Мамлакатлар кесимида эса Қатар аҳолисининг 17,5 фоизи, Швейцария аҳолисининг 12,7 фоизи, Сингапур аҳолисининг 10 фоизи, Гонгконг аҳолисининг 9,6 фоизи ҳамда кувайтликларнинг 9 фоизи миллионерлар ҳисобланади.

100 миллион доллардан ортиқ маблағга эга бўлган оилалар рўйхатида эса АҚШ 4754 та оила, Буюк Британия 1044 та оила, Хитой 983 та оила, Германия 881 та, Россия 536 та оила билан юқори ўринларни эгаллаган.