МТС Ўзбекистонда йил охирига қадар ўз фаолиятини йўлга қўяди

Россиянинг МТС компанияси Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатда фаолиятини давом эттириш бўйича шартларни тўлиқ келишиб бўлди. Бу ҳақда “Интерфакс” ахборот агентлиги ҳукумат доирасидаги манбасига таяниб хабар тарқатди.

Хабарда қайд этилишича, МТС йил охирига қадар ўз фаолиятини йўлга қўяди. Эслатиб ўтамиз, 25 июнь куни Ўзбекистон ҳукумати МТС фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ижобий қарор қабул қилингани айтилган эди.

“Ўтган шанба куни Тошкентда МТС раҳбарияти билан музокаралар якунланди, унда Россия компаниясининг Ўзбекистон мобиль алоқа бозорига қайтиши бўйича барча баҳсли масалалар ойдинлаштириб олинди”, — деган агентлик манбаси.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг бошида МТС мобиль алоқа оператори мулкдори АФК «Система» директорлар кенгаши раиси Владимир Евтушенков МТСнинг Ўзбекистон бозорига қайтиши бўйича музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлаган эди. Владимир Евтушенков «Ведомости» газетаси мухбирининг «МТС алоқа операторининг Ўзбекистонга қайтиши мумкинми?» қабилидаги саволига ижобий жавоб қайтарар экан, ушбу музокараларда ўзи ҳам иштирок этаётганини тасдиқлаган. «Ҳа, иштирок этяпман, аммо ҳозирча ҳеч қандай силжишлар кузатилмаяпти. Амалга ошса – яхши, йўқса – буям яхши. Бугун МТС-Ўзбекистон биз учун тарихга айланиб улгурди. Албатта, операторнинг қайтиши МТС учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам ёмон бўлмасди», – деб таъкидлади Евтушенков.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва коммуникация технологиялари давлат қўмитаси вакили айрим интернет нашрларига Ўзбекистон ҳукумати бундай қарор қабул қилмагани ҳақида маълум қилган.