ОАВ: Қамчиқ довонидаги йўл қурилишида Испания компанияси ўз мажбуриятини бажара олмаяпти

Ўзбек миллий автомагистралининг А-373 «Тошкент – Ўш» (Қамчиқ довони) қисмини қуриш учун жалб этилган Испаниянинг Corsan Corviam Construction S.A. компанияси ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармаяпти. Бу ҳақда 12news.uz сайти хабар берди.

Kun.Uz сайтида ёзилишича, Ўзбекистондаги қурилишга жалб қилинган Испания компанияси сифат стандартлари масаласида «нима учундир русларга қараб мўлжал олмоқда», шу сабаб шартнома мажбуриятлари қўпол равишда бузилмоқда, қурилиш технологияларига риоя этилмаяпти.

Хабарда айтилишича, Испания компанияси қурилиш ишларини мустақил равишда амалга ошира олмай, шартномада кўрсатилмаган бўлса-да, пудратчи сифатида Данияннинг «Альянс капитал» компаниясини жалб қилган, қурилиш ишларида «суперзамонавий испан техникаси» ўрнига маҳаллий ташкилотларнинг қурилмаларидан фойдаланилмоқда.

Йўл қурилишида Испания компанияси томонидан сертификати бўлмаган ва лойиҳавий-смета ҳужжатларига мос келмайдиган қум-шағал ва қум-шчебень қоришмаларидан фойдаланилган, йўл қисмларини қуриш вақтида ер қатламининг зичлиги тегишли лаборатория таҳлиллари билан ҳужжатлаштирилмаган. «Жаҳон амалиётида ушбу ҳужжатларсиз қурилишнинг кейинги босқичига ўтиш тўхтатиб қўйилади», – дейилади хабарда.

Материалда келтирилишича, «Тошкент – Ўш» йўлидаги ишлар лойиҳани бошқариш ва қурилиш ишларини техник жиҳатдан назорат қилиш учун жалб этилган Sambo Engineering Co. LTD Жанубий Корея компаниясининг дастлабки рухсатларисиз амалга оширилмоқда. Агар инжиринг компанияси бошидан назорат қилишига имкон берилганида, йўл сифатсиз қурилаётгани олдиндан маълум бўларди.

Corsan Corviam Construction S.A. йўл қурилиши ва унинг шайлигини таъминлаш масаласида маҳаллий ва хорижий компаниялар олдида ҳам қарздор. Хусусан, компания «Қамчиқавтойўл» ширкатидан 3,5 миллиард сўм қарздор. Даниянинг «Альянс капитал» ширкати эса хизмат ҳақининг пастлиги ва бажарилган ишлар ҳақининг вақтида тўланмаслигидан нолиб, шартномани бузиш арафасида.

Хабарда қайд этилишича, испан компанияси ҳозирги қадар қурилиш ишларининг бориши ва якунланиши тақвимини Ўзбекистон томонига тақдим этмаган.  Маълум бўлишича, Corsan Corviam Construction S.A компанияси Ўзбекистондан аввал Озарбайжонда ҳам йўл қурилиши ишларига жалб қилинган бўлиб, расмий Боку Испания компанияси хизматларидан қониқиш ҳосил қилмаган. Компания Озарбайжонда ҳам қурилиш муддатини кечиктирган, ишлар сифатсиз амалга оширилган, йўлнинг алоҳида қисмлари эса умуман қурилмай қолиб кетган.

Испаниянинг ушбу компнанияси бунгача ҳам халқаро шартномаларни сифатсиз бажаргани маълум бўлгани ҳолда Ўзбекистон томони нима учун ушбу ширкатни «Тошкент – Ўш» йўли қурилишига жалб этгани, рухсат берганига 12news.uz хабарида аниқлик киритилмаган.