Ўзбекистонда муборак Рамазон ойи 28 июнь кунидан бошланади

    Ўзбекистонда 2014 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 28 июнь кунига тўғри келади. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг қарорида маълум қилинди.

    “Эл-юртимиз учун асрлар давомида эзгулик, саховат, меҳр-шафқат, қаноат ва шукроналик рамзи бўлиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга хос олижаноб фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида 2014 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 28 июнь кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин”, дейилади қарорда.

    Шунингдек, қарорда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга уйғун ва ҳамоҳанг тарзда ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш топширилган бўлиб, уларни ўтказишда муборак Рамазон ойининг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик фазилатларини, муқаддас динимиз ақидаларини эъзозлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас қадамжоларини обод этиш борасида кенг кўламли савоб ва тарғибот ишлари ташкил қилиниши айтилган. “Ушбу қутлуғ ойда амалга ошириладиган хайрия тадбирлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш бўйича олиб бориладиган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилсин”, — дейилади хабарда.