Алмазбек Атамбаев: “Қирғизистон тиз чўкиб газ беришларини сўрамайди”

Жалолобод вилояти Оқсой туманида Беш-Ботмон канали участкаси очилишида иштирок этган Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбаев 1-1,5 йилдан сўнг мамлакат оёққа туриб олади ва газ ва электр энергияси муаммосидан қўрқишни бас қилади, деди. Унинг айтишича, ушбу канал орқали сув бериш биринчи ўринда мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Алмазбек Атамбаевнинг фикрича, агар “Қирғизгаз” “Газпром”га сотилмаганда нафақат Ўшда, балки мамлакатнинг бошқа минтақаларида ҳам газ бўлмас эди. “Биз газ етказиб бераётган қўшниларимизга бўнак қилиб тўлашга тайёрмиз. Мустақилликнинг 20 йили давомида Қирғизистон тиз чўкиб, {газ} сўрашга ўрганиб қолди. Шу боис қўшнилар шуни кутяпти, аммо бундай бўлмайди”, деди Қирғизистон раҳбари.

Эслатиб ўтамиз,  “Қирғизгаз” давлат компанияси Россиянинг “Газпром” компаниясига тимсолий 1 АҚШ долларига сотилган эди ва тегишли битим парламент томонидан ратификация қилинган. Ўшанда Қирғизистон президенти мазкур битимни ратификация қилиш кераклигини айтиб, “Бизга “Қирғизгаз” эмас, балки газ керак”, деб таъкидлаган эди. Депутат Акматбек Келдибековнинг айтишича, “Қирғизгаз”ни пуллаш жуда катта хато бўлади. “Биз шу кунгача газсиз яшадик, бундан кейин ҳам яшай оламиз. Агар Ўзбекистон газ беришни тўхтатса, керак бўлса, таппи қиламиз”, — деди депутат. Мазкур битимга қаршиларнинг фикрича, мамлакатнинг бундай йирик монопол компаниясини бошқа мамлакатга ишониб топшириб бўлмайди. Бу миллий манфаатларга зиддир.

Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон охирги битим бўйича Қирғизистонга ҳар минг куб метр табиий газни 290 доллардан пуллаётган эди. Бу “Қирғизгаз” ва “Ўзтрансгаз” компаниялари ўртасида бир йилга имзоланадиган шартномалар асосида тартибга солинади. Ўзбекистон бир неча марта 1 январь куни Қирғизистонга газ етказиб беришни тўхтатган бўлса-да, бунда асосий сабаб сифатида Қирғизистон билан тегишли шартнома имзоланмаганини кўрсатиб келади.

Аксарият экспертларнинг фикрича, “Қирғизгаз”ни “Газпром”га пуллаётганда, Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон манфаатларини умуман инобатга олмаган. Қолаверса, амалдаги шартномада у ёки бу компаниянинг мулкдори ўзгарса, битим бекор бўлиши кўзда тутилган. Бу нарсаларни ҳисобга олмаган Қирғизистон раҳбарияти бугунги кунда ўз халқига Ўзбекистонни ёмонотлиқ қилиш билан овора. Агар улар ҳуқуқий жиҳатдан ҳақ бўлишганида, тегишли тартибда халқаро органларга мурожаат қилган бўлар эди.